2018-11-06 14:48:58

ПОЙТАХТДАГИ ПЛАНЕТАРИЙДА “УЛУҒБЕК ЮЛДУЗЛАРИ” ЭКСПОНАТИ ОЧИЛДИ

Тошкент шаҳрида жойлашган Планетарийда “Улуғбек юлдузлари” экспонати очилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар берди.

Унда буюк аллома Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти, астрономияга оид кашфиётлари, илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси, шогирдлари даврасида ўтказган бахтли онлари тасвирланган.

Экспонатнинг очилиши ҳамда Тошкент шаҳар Планетарийси ташкил этилганининг ўн беш йиллиги муносабати ўтказилган маросимда хорижлик меҳмонлар, юртимиздаги таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ёшлар қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда буюк аждодларимиз яратган асарларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Янгидан очилган экспонат ҳам осмон илмини ўрганган қомусий олимнинг дунё илм-фани ривожидаги ўрнини кенг жамоатчиликка, жумладан, ёшларга тушунтиришда айни муддаодир.