2018-11-06 15:08:15

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА “АДОЛАТ БИЛИМДОНИ” АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан Ўртачирчиқ тумани Агросаноат касб-ҳунар коллежида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” кўрик-танловининг вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Унда партия шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари, вилоят “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармаси вакиллари, коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Танлов иштирокчилари низомда белгиланган уч шарт бўйича ўзаро беллашишди. Ҳар бир ўқувчи ўзининг сиёсий билими, тафаккури, илмга чанқоқлиги ҳамда ғайрат ва шижоати билан чиқишлари давомида ўзи, коллежи, келажакдаги орзулари тўғрисида тақдимот таништируви ўтказди.

Иккинчи шарт доирасида эса ҳуқуқий билимлари асосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Низоми ва Сайловолди дастурига оид саволларга тўлиқ жавоб берди.

Учинчи шарт доирасида ҳар бир иштирокчи ўзининг эркин ғояси ва фикри асосида фаол қатнашиб, партия лойиҳалари доирасида ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди. Иштирокчилар сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзларининг мустақил муносабатини билдирган ҳолда таҳлил қилиб, тенгдошларининг билимини янада бойитишга ўз ҳиссасини қўшишди.

“Куч-адолатда!” шиори остида ташкил этилган кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқиши, саҳнада ўзларини тутиши, сиёсий билимлари тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга паркентлик Шаҳризода Мелсова лойиқ кўрилди ҳамда унга танловнинг Республика босқичига йўлланма берилди. 2-ўрин Бўстонлиқ туман иштирокчиси Севара Тўраевага, 3-ўрин эса қибрайлик Гулчехрага Султонхоновага насиб этди.

“Туркистон-пресс”