2018-11-08 18:49:01

ГОЛЛАНДИЯ КОМПАНИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДА АГРОКЛАСТЕР ТАШКИЛ ЭТИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА

Шу кунларда Нидерландиянинг “Lely” ва “TCT-Agro” фирмалари нуфузли делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Улар Тошкентдаги “Agro Expo Uzbekistan/Agrotech Expo” қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этишмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бугун делегация Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Савдо-саноат палатасида музокаралар ўтказяпти, 9 ноябрь куни эса Наманган вилоятига боришади.

Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс давлатларидаги Элчихонаси хабар беришича, мазкур компаниялар Ўзбекистон бозорига киришни ва ишончли ҳамкорга айланишни режалаштирган.

“Lely” компанияси узоқ йиллар давомида ривожланаётган мамлакатларда ўзининг илғор тажрибаси ва технологиясини муваффақиятли жорий этиб келмоқда ва шу йўл орқали янги иш ўринлари яратмоқда. Ўзбекистонга ташриф арафасида компания Қишлоқ хўжалигида Голландия технологиялари инновацион марказини ташкил этиш борасидаги режаларини эълон қилди.

Тўлалигича ишлаб чиқариш Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириладиган қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил қилишни кўзда тутувчи мазкур марказ лойиҳасининг тахминий қиймати 10 млн еврога тенг. Ерга ишлов бериш, чорвачиликни ривожлантириш, тайёр сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш борасидаги Голландиянинг илғор технологияларини жорий этиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, таълим компоненти ҳам кўзда тутилмоқда ва бунда Вагенинген университети олимлари ўзбек фермерларига замонавий Голландия технологияларини ўргатишади.

Ўзининг тупроқ остини суюқ органик ўғитловчи технологиялари билан машҳур бошқа бир Нидерлания компанияси – TCT-Agro” билан ҳамкорлик алоқалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Ҳозирда Ўзбекистон Элчихонаси мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги комплексида керакли бўлувчи аниқ сегментларни белгилаб олиш борасда мазкур компания билан музокаралар олиб бормоқда.