2018-11-08 18:53:46

ПОЙТАХТ ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА 2030 ЙИЛГАЧА МЎЛЖАЛЛАНГАН КОНЦЕПЦИЯ ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан “Пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган концепция” лойиҳаси тайёрланиши белгиланган.

Бу борада хорижнинг тажрибали мутахассислари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг таклифлари ўрганиб келинмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, Концепция лойиҳасини тайёрлаш юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти Россиянинг “МосгортрансНИИпроект” ва “А+С Транспроект” ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказди. Музокараларда Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган лойиҳалар, тизим фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

“МосгортрансНИИпроект”нинг транспорт тизимини таҳлил қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Евгений Пронин истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан иккала томон ҳам бирдек манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Евгений Пронин Москванинг транспорт соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашиб, ўзининг бир қатор таклифларини билдириб ўтди.