2018-11-08 18:57:30

ТОШКЕНТДА СПОРТ ТИББИЁТИНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО АНЖУМАН БОШЛАНДИ

Пойтахтимизда «Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. У Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташаббуси билан, Миллий Олимпия қўмитаси кўмагида ташкил этилди.

Анжуманда соҳага дахлдор вазирлик, қўмита ва бошқа ташкилотлардан вакиллар, Япония, Россия, Туркия, Қозоғистон каби давлатлардан мутахассислар иштирок этмоқда.

Тадбирда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар спорт тиббиётининг долзарб вазифаларига оид маърузалар билан иштирок этяпти. Уларнинг ичида Россиядан ташриф буюрган таниқли академик, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти врачлари ассоциацияси президенти Борис Поляев, япониялик олим, 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий ҳайъат аъзоси Ишида Хироюки кабилар бор.

Конференция давомида мастер-класслар ўтказиш ҳам режалаштирилган.