2018-11-19 17:52:04

БУТУНЖАҲОН ИККИЛАМЧИ ҚАЙТА ИШЛАШ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ

15 ноябрь куни Ўзбекистонда “Бутунжаҳон иккиламчи қайта ишлаш куни” нишонланди. Ушбу байрамнинг асосий мақсади ҳокимият, жамоат ва саноат тузилмаларининг мазкур мавзуга эътиборини жалб қилишдир. Чекланган ресурслар муаммосини ҳал қилиш, арзон хом ашёлардан фойдаланиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш йўли билан тайёр маҳсулотлар нархини пасайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

“Табиатга имкон беринг” («Toshrangmetzavod Recycling» МЧЖ) ва “Ўзбекистон экологик ҳаракати” ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги кўмагида бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда атроф-муҳитни яхшилаш ва ижтимоий экологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қадам ташланмоқда. Бунинг учун электр жиҳозларини иккиламчи қайта ишлашга йиғиш учун жамоат марказлари ташкил этилади. Мазкур тадбир илк маротаба пойтахтимизда жойлашган 20-сонли умумтаълим мактабда ташкил этилиб, унда мазкур мактабнинг ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Болалар учун иккиламчи қайта ишлаш мавзуси доирасида маъруза ҳамда илмий лаборатория шоуси намойиш этилди. Бундан ташқари, барча иштирокчилар учун ҳамкоримиз «GOODZONE» томонидан совғалар тақдим этилди.

Ҳозирги кунда ҳажми тез суръатлар билан кўпайиб бораётган электротехника чиқиндиларни тўғри бошқариш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Бунда, айниқса, яроқлилик муддати ўтган маиший ва электрон техникаларнинг утилизацияси алоҳида аҳамиятга эга.

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш ва кейинчалик уларга ишлов бериш — бу муаммонинг асосий ечими ҳисобланади.

Шу боис, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уларга маиший ва электрон техникаларни утилизация хизматидан фойдаланишнинг афзалликларини кенг тушунтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

 Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”