2018-11-19 18:10:14

КАНАДАДА ЎЗБЕКИСТОН ЭЛЧИСИ ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРГА ИШОНЧ ЁРЛИҚЛАРИНИ ТОПШИРДИ

Ўзбекистоннинг қароргоҳи Вашингтонда бўлган элчиси Жавлон Ваҳобов Канада генерал-губернатори Жюли Пайеттга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.

Генерал-губернаторнинг расмий қароргоҳида ўтказилган маросимдан сўнг ўтказилган учрашувда Канада раҳбари “Ўзбекистон ўзининг буюк тарихи ва жаҳоннинг стратегик аҳамиятга эга қисмида жойлашуви билан машҳур” эканлигини алоҳида қайд этиб ўтган.

Жюли Пайетт фазогир сифатида Ўзбекистон ҳақида кўп эшитгани ва ўқиганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, дунёга машҳур олим Мирзо Улуғбек тузган каталогнинг фалакиёт илмини ўрганишдаги ўрни беқиёс.

Канада генерал-губернатори икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ривожига ҳам тўхталиб ўтди. – Канада Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятнинг ривожланган аъзоси бўлиш йўлидаги ҳаракатларини қўллаб қувватлайди, деди Жюли Пайетт. - Мен Канаданинг Sky Power компанияси Ўзбекистон бозорига қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантириш учун катта инвестиция билан кираётганини эшитганимдан хурсандман. Бу лойиҳа “икки томон учун ҳам манфаатли ва ютуқли” ҳисобланади.

Шу билан бир қаторда, Пайетт ҳали Ўзбекистон ва Канада ҳамкорлиги борасида амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўплигини қайд этган. Жумладан, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажмини кўпайтириш, таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Маросим якунида Жавлон Ваҳобов Канада ТИВнинг Қутболди минтақаси, Шарқий Европа ва Евроосиё бўйича бюроси директори Эллисон ЛеКлер билан ҳам учрашди. Канадалик дипломат 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон раҳбарининг Канадага ташрифини ташкил этиш учун сиёсий ва дипломатик тадбирларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.

Фото: ТИВ Матбуот хизмати