2018-11-19 18:12:34

БЕЛБОҒЛИ КУРАШЧИЛАРИМИЗ КУЧЛИ УЧЛИКДА

Жорий йилнинг 15-17 ноябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди.

Ўн олти давлатдан юз нафардан ортиқ полвонлар иштирок этган мазкур халқаро турнирда иштирок этган  Мардон Кимсанбоев (62кг.), Сардор Мадаминов (68 кг.), Ҳусниддин Рўзиев (75 кг.), Илҳом Машрабов, Камолиддин Маҳкамов (90 кг.), Аъзамжон Анваржонов (100 кг.) ҳамда Шерзод Раҳимов (+100 кг.) лардан иборат терма жамоамиз жамоавий беллашувлар якунига кўра  фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медалларга эга чиқишди. Биринчи ўрин эса мезбонлар терма жамоасига насиб этди. 

Фарҳод ЖУМАНОВ, белбоғли кураш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам:

— Турнир юқори савияда ташкил этилгани ва беллашувлар муросасиз тарзда ўтганига гувоҳ бўлдик. Полвонларимизнинг иштироки ҳам муваффақиятли бўлди. Турнирда спортчиларимизга ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, халқаро тоифадаги ҳакам Мираншоҳ Рўзиевлар билан биргаликда полвонларимизнинг халқаро майдонларда имкониятларини синовдан ўтказиш имкониятига ҳам эришдик. Бундан кўзланган мақсад эса, нуфузли мусобақаларда муносиб номзодларни аниқлаш, терма жамоамиз таркибини кучли спортчилар билан тўлдириб боришдан  иборат бўлади.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”