2018-11-22 16:41:40

САМАРҚАНДДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ОСИЁ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Мазкур долзарб мавзуга бағишланган нуфузли анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идорасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ваколатхонаси, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламенти ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиляпти.

Унда миллий ва хорижий экспертлар, парламентлар, суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳисоботлар тақдим этиш ва кейинги ҳаракатлар бўйича давлат мувофиқлаштириш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро ва минтақавий ҳукуматлараро ташкилотларнинг 150 га яқин вакиллари иштирок этмоқда. Хусусан, унда мезбонлардан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Мўғилистон, Хитой, Арманистон, Афғонистон, Индонезия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Эрон, Озарбайжон, Грузия, Дания каби ўттиздан ортиқ мамлакатдан меҳмонлар иштирок этмоқда.

Очилиш маросимида БМТ Бош котибиАнтонио Гуттериш қатнашчиларга видеомурожаат йўллаб, мазкур форум ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди ва унинг ишига муваффақият тилади.

Маълумот учун, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида тузилма раҳбарлари билан учрашувлари чоғида 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббусини билдирган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг асосий мақсади бугунги кунда Барқарор ривожлантириш мақсадларининг 2030-йилгача Дастур вазифаларига эришишда Осиё минтақасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсонийлик мезони соҳасидаги ЕХҲТ мажбуриятлари ва уларнинг замонавий Осиё минтақасидаги аҳамиятининг мослигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишдан иборатдир.

Маълумки, 70 йил олдин қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (ИҲУД) инсон ҳуқуқлари тарихидаги муҳим ҳужжатдир. Ушбу ҳужжат барча халқлар ва миллатлар учун умумий муваффақиятлар стандарти сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда Парижда эълон қилинган. Унда умумий муҳофаза қилиниши зарур бўлган асосий инсон ҳуқуқлари эътироф этилади ва инсон қадр-қимматини тан олиш дунёдаги адолат ва тинчликнинг асоси эканлиги таъкидланади.

“Туркистон-пресс”