2018-11-22 17:06:33

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН САЙЁҲЛАРИ УЧУН ҚУЛАЙЛИК

Энди сайёҳлар Ўзбекистон визаси билан Қозоғистонга, Қозоғистон визаси билан Ўзбекистонга келиши мумкин. Мазкур ҳужжат Чимкент шаҳрида икки давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Ҳудудлараро биринчи форумда қабул қилинди, дея хабар бермоқда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари А.Мамин қайд этиб ўтганидек, 2018 йил икки халқнинг маданий ва савдо-иқтисодий йўналишларда амалий яқинлашуви борасида муваффақиятли кечди. Унинг сўзларига кўра, жорий йил икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётган кўплаб тадбирлар ўтказилди.

Бош вазир ўринбосарлари Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек жоли” ва “Яллама” назорат-ўтказиш пунктлари(НЎП) фаолиятини кўзда кечиришди. Шу аснода чегара пунктлари инфратузилмаларини рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда модернизация қилиш, мавжуд НЎПларни жадал реконструкциялаш, янги пунктларни очиш, шунингдек, автовокзал барпо қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ўз навбатида саноат, қурилиш, транспорт, транзит, туризм каби сохалар ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишлари эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчиўринбосари А.Раматов икки давлат ўртасидаги шериклик алоқалари мустаҳкам асос ва узоқ муддатли истиқболга эга эканлигини билдирди. Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли секторларида Қозоғистон капитали иштирокида 260 та корхона фаолият юритяпти. Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилаётгани барча жабҳалардаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Форум якунида икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 16 та ҳужжат имзолашди.

Ўз навбатида Буюк ипак йўли давлатларининг виза режимларини ўзаро тан олиш, “KTZ Express” АЖ ва “Ўзавтотранстехника” илмий-ишлаб чиқариш маркази ўртасида қўшма корхона очишга оид битим имзоланди. “КазТрансГаз” ва “Ўзтрансгаз” ўртасида Ўзбекистон ҳудуди орқали табиий газни юборишга доир келишувга эришилди.

Шундан сўнг иштирокчилар “Корме” кўргазма мажмуасига ташриф буюришди. У ерда икки мамлакатнинг автосаноат, кимё, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари намойиш этилди.

“Туркистон-пресс”