2018-11-26 16:26:09

ЭНГ ЯХШИ МЕДИА-МАҲСУЛОТ УЧУН АВТОМОБИЛЬ СОВҒА ҚИЛИНАДИ

Жорий йилнинг 10 декабрь куни пойтахтимиздаги “Зарафшон” концерт залида XИжтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўламларида” лойиҳасининг йиллик ҳисоботига бағишланган мультимедиа-форуми доирасида ташкил этилади.

Фестиваль Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилмоқда.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад — маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, телевидение ва кино ижодкорлари, фаол журналистлар ва блоггерларнинг фаолиятини рағбатлантириш, оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз маданий-тарихий меросига оид мавзуларини ёритиш ва Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган.

Фестивалда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, медиа соҳаси раҳбарлари, блоггерлар, кинематогрофлар, продюсерлар ҳамда ижодий гуруҳлар иштирок этишади. Фестиваль меҳмонлари сифатида таниқли маҳаллий ва хорижий олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, сайёҳлик компаниялари вакиллари ва соҳага доир бошқа вакиллар  таклиф этилади.

Энг яхши медиа-маҳсулотни аниқлаш учун фестиваль ташкилий қўмитаси ва ҳакамлар ҳайъати тузилади. Ғолиблар бир қатор номинацияларда асосий ва   рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланади.

Саралаш босқичининг якунида экспертлар гуруҳи томонидан 4 та номинация бўйича 12 та телевидение ва радиостанция танлаб олинади. Ғолиблар тўғридан-тўғри онлайн овоз бериш орқали аниқланади.

Фестиваль қуйидаги номинацияларда ўтказилади: “Ўзбекистон — туристик маскан”/«Туристический Узбекистан»/Welcome to Uzbekistan, “Мазали Ўзбекистон”/ «Вкусный Узбекистан»/Taste me, “Ўзбекистон маданият маскани”/«Культурный Узбекистан» /Must see, “Қадимий Ўзбекистон”/«Древний Узбекистан».

Фестиваль ташкилий қўмитаси ғолибларни, шунингдек, телеканалларда эфирга узатиладиган махсус Гран-при мавзули ишларни тақдирлашни режалаштирмоқда.

Энг яхши роликлар муаллифлари X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалининг қимматбаҳо совғалари ва эсдалик дипломлари билан тақдирланишади.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”