2018-11-26 17:29:28

ЁШЛАР ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ва Бухоро Давлат университети ташаббуси билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Гиёҳвандлик — умр заволи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ёшларни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, уларга гиёҳванд моддалар, гиёҳвандликнинг турлари ҳақида тушунча бериш, ушбу салбий иллатнинг асоратлари, оқибатлари ҳақида маълумот бериш экан, сўзга чиққан ҳар бир нотиқ келажагимиз эгаларига салбий иллатга қарши курашишнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Бухоро вилоят наркология диспансери тарғибот ва ташвиқот ишлари бўйича бош шифокори ўринбосари Азамат Файзиевнинг маълумотига кўра, вилоятда 2018 йил давомида гиёҳвандликка чалинган шахсларни аниқлаш ва диспансер назоратига олиш бўйича бирламчи касалланиш пасайган. Жумладан, 2017 йилда гиёҳванд моддаси билан касалланганлар сони 223 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда 90 нафарни ташкил этади. Вилоят Наркология диспансери томонидан 12459 нафар ўсмир наркологик тиббий кўрикдан ўтказилди. Олиб борилган профилактик ишлар натижасида ўсмирлар диспанцер рўйхатида мавжуд эмас. Гиёҳвандликка чалинганларнинг 6 нафари рўйхатга олинган бўлса, 137 нафари рўйхатдан чиқарилди.   

Тадбир давомида партия Бухоро шаҳар кенгаши ходимлари ҳам сўзга чиқиб, партия томонидан ёшларнинг сиёсий онги ва ташаббусини ошириш мақсадида қилинаётган амалий ишлар, кўрик-танловлар ҳақида маълумотлар беришди.

Гиёҳвандликнинг оқибати ҳақидаги видеоролик эса барчани ўз ҳаёти ва тақдирига нисбатан бепарволик билан қарамасликка чақирди. Давра суҳбати сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоб олишди.

Моҳигул Абдуллаева,

“Туркистон-пресс”