2018-11-27 16:22:55

ТУРИЗМНИ ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ СТРАТЕГИК ЙЎНАЛИШЛАРИ

Бугунги кунда мамлакат тараққиётини таъминлаш учуниқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш орқали ривожланиш объектив заруратга айланди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасинижадал суръатларда ривожланишини таъминлаш учун илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда амалга оширишни тақозо қилмоқда. Чунки, дунёда мамлакатларида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланмоқда. Ушбу ҳолат мамлакатимизда ҳам худди шундай ривожланишни тақозо қилади. Бунинг учун замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда ривожланишни тақозо қилади. Ушбу тадбирлар мамлакатимизни жаҳон цивилизацияси етакчилари қаторига кириш йўлида тез ва сифатли илгарилашини таъминлайди.

Буларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрда“2019-2021 йилларда ўзбекистон республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ-5544-сонли Фармони эълон қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда “ўтказилган таҳлил ишлаб чиқаришни модернизация, диверсификация қилиш, унинг ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтириш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаётганини кўрсатди”[1], деб таъкидланган. Фармонда белгиланган ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтиришмасаласини ҳал қилишда туристик хизматлар экспорти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугунги кунда туризмсоҳанинг ривожланишида ҳам бир қанча камчиликлар мавжуд. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

Биринчидан, иқтисодиётнинг туризмтармоғи билан илмий муассасаларнинг  ўзаро ҳамкорлиги даражаси пастлигича сақланиб қолмоқда.

Иккинчидан, туризм қўмитаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион ривожланиш соҳасидаги фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаган.

Учинчидан, туризм тараққиётини етарли даражада инновацион омиллар эвазига таъминлаш масаласида ҳам барча имкониятларни ишга солган ҳолда амалга ошириш имконини бермаяпти.

Тўртинчидан, мамлакат иқтисодиётида, хусусан, туризм соҳасида инновацион иқтисодиётни баҳолашда ҳам кўплаб кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги соҳа тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бешинчидан, мамлакатимиз ҳамон нуфузли ва обрўли халқаро тузилмалар томонидан тузиладиган Глобал инновацион индекс рейтингида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга кирита олган эмас.Туризм ҳам ушбумасаланинг соясида қолиб кетмоқда.Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиёти, хусусан,туризм соҳаси тараққиётининг ҳам кўзда тутилган даражада жадал ривожланишига тўсиқ бўлади.

Ушбу қайд этилган камчиликларни баратараф қилиш, тўсиқларни олиб ташлаш учун иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизни инновацион ғоялар асосида яратилган ишланмаларни ва инновацион технологияларни иқтисодиётга, хусусан, унинг таркибий қисми бўлган туризм соҳасига ҳамқўллаш эвазига ривожлантиришга эришиш лозимдир. Бунда жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан ҳам фойдаланиш зарурлигини тақозо қилмоқда. Ҳамма нарсада интеграция жараёни содир бўлмоқда. Бу айнан инновацион жараёнларда ҳам содир бўлса тегишли самара бериши тайин.

Буларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатни 2017-2021 йилларда жадал тараққиёт этишини таъминлаш учун ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқвазифалар белгиланди. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги барча соҳа вакиллари ушбу вазифаларнинг ижросини изчил таъминлаш мақсадида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Фармон билан тасдиқланган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантиришстратегиясида ушбу соҳадаги камчиликлар аниқ кўрсатилган. Ушбу камчиликларни бартараф қилиш бугунги тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир.

Маърузада, иқтисодиётда, хусусан, унинг таркибий қисми бўлган туризм соҳасида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш йўллари батафсил ёритилади. Уларгақуйидагиларни киритиш мумкин:

Биринчидан, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси пастлигича қолмоқда. Уларнинг меҳнатга қобилиятли аҳоли таркибидаги улуши бор-йўғи 1/3 қисмини ташкил қилади. Бошқа ривожланган мамлакатларда ушбу кўрсаткич 2/3, айримларида 80-85 фоизни ташкил қилади. Бундай давлатларда маҳсулот эмас, балки инновация ва информация (ахборотлар) ишлаб чиқаради. Биз ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш билан бирга инновацион мулкни ҳам экспрот қилиш даражасига кўтарилишимиз лозим.

Иккинчидан, олий таълим муассасалари ҳуқуқлари бироз чегараланган. Улар ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда мустақил эмас. Ҳозирги пайтда талабаларнинг асосий қисми ўз маблағлари ҳисобидан ўқиётган бир паллада, уларни қабул қилиш квотаси юқоридан қатъий белгиланади. Бунинг миқдорини белгилаш олий ўқув юртининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим. Олий ўқув юртлари ўзлари ишлаб топган молиявий маблағларни тақсимлашни ҳам ўзлари амалга оширишлари мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, фармонда эътироф этилишича, “илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик лозим даражада эмас, илмий-тадқиқот муассасалари ва лабораториялар фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаган”[2]. Булардан ташқари, инновацион ғоялар ва ишланмаларни соҳалар бўйича синаб кўрадиган тажриба майдончалари ҳам ташкил қилинмаган.

Тўртинчидан, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш даражаси ҳам ўта паст аҳволди. Буни амалга ошириш учун инновацион мулкнинг қиймати ва бозори бўлиши керак. Бозор бўлиш учун талаб ва таклиф шаклланган бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда бирорта вазирлик ёки хўжалик юритувчи субъектлар бизга фалон илмий ишланмалар керак деган талаб билан чиқмаяпти. Бу ҳам ҳали илмий ишланмаларни, интеллектуал мулкни тижоратлаштиришда анча қийинчиликларни туғдиради.

Бешинчидан, стратегияда таъкидланганидек, “инновацион менежмент соҳасида технологиялар трансферини фаол илгари суриш ва амалга оширишга қодир юқори малакали мутахассислар мавжуд эмас”[3]. Бу ҳам бироз вақт ва эътиборни талаб қилади. Ҳозирги кунда талабалар асосан аудиторияларда ўқиш натижаси бўйича диплом олиб, амалиётни билмасдан амалиётга бормоқда. Ўқиш жараёнида амалий дарсларни бевосита аудиторияда эмас, иш жойларида ўтказиш керак. Бу ҳам кўрсатадики, ҳар бир олий ўқув юртининг реал фаолият кўрсатаётган ўз тажриба майдончаси бўлиши керак. Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг ўзига қарашли меҳмонхонаси, ресторани, туристик фирмаси, айрим тижорат банклар билан бирга ишлаш шартномаси каби талабаларни ўқитишга мўлжалланган тажриба майдончалари бўлиши лозим.

Олтинчидан, бугунги кунда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилаётган бюджет маблағлари етарли эмас. Буни давлат бюджети, бошқа фондлар ҳисобидан кўпайтириш билан бирга илмий ишланмаларни жорий қилиш натижасида эришилган самарадорликнинг бир қисмини илмий тадқиқот муассасаларига (шу жумладан, олий таълим муассасаларига ҳам) ўтказиш механизми ишлаб чиқилиши лозим.

Еттинчидан, юқоридаги ҳужжатда таъкидланишича, “илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан молиялаштириш самарали ва шаффоф эмас, бюджетдан ташқари ва хусусий жамғармалар маблағларини жалб этишни рағбатлантириш механизмлари мавжуд эмас, қарзни молиялаштиришнинг ички манбалари етарли даражада ривожланмаган”. Кўриниб турибдики, ҳали инновацион иқтисодиётни шакллантиргунча бир қанча ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга тўғри келади. Бунинг учун инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг турли манбалардан молиялаштириш механизмларини яратишни тақозо қилади.

Саккизинчидан, стратегияда таъкидланишича интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш лозим даражада эмас, ушбу соҳада, айниқса

давлат органлари ва ташкилотларида малакали мутахассислар мавжуд эмаслиги ҳам ҳақ гап. Буни бартараф қилиш учун шундай механизм яратилиши керакки, бу жараён икки босқичда амалга ошириладиган бўлсин. Биринчидан, ҳар бир вазирлик ва хўжалик юритувчи субъект инновацион ривожланишини таъминлаш учун нималар кераклигини мониторинг қилиб, тегишли вазирликда талаблар тўпланиши лозим. Кейин буларнинг ечимларини ким ҳал қилиши ва унинг аниқ нархи белгиланган бўлиши керак. Шундагина, инновацияни идрок қиладиган малакали мутахассислар ҳар икки томонда ҳам шаклланиб боради.

Тўққизинчидан, стратегияда қайд этилишича бугунги кунда “қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, иккиламчи ресурсларни энергетик утилизация қилиш соҳаларида инновацион технологияларни жорий этиш даражаси паст” . Буни ҳам амалга ошириш учун қуёш батареяси ва шамол орқали электр энергиясини ҳосил қилиш масаласига алоҳида аҳамият бериш лозим бўлмоқда. Чунки биргина экологик туризмни оладиган бўлсак, у чўлларда ва электр энергияси ҳали етиб бормаган тоғли ҳудудларда ташкил қилиниши мумкин. Буларни замонавий хизматлар билан таъминлаш учун албатта муқобил энергия манбалари бўлиши шарт.

Ўнинчидан, мамлакатда, айниқса давлат компанияларида корпоратив муносабатлар ва корпоратив бошқарув принциплари ривожланмаган, бунда хориждаги энг намунали амалиёт инобатга олинмаяпти. Ушбу камчиликни бартараф қилиш учун кадрларнинг хорижий мамлакатларда малакасини оширишни йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун ҳар бир ходимнинг бориб ўқиб-ўрганиб келиши шарт эмас, балки қисман кишиларни жўнатиб, уларни мукаммал ўрганиши учун шароит яратиб, улар қайтиб келган ўзимизнинг кадрларни ўқитишлари лозим бўлади. Шу тариқа кадрлар малакасини ошириш ҳам арзон ва ҳам қулай бўлади.

Ўн биринчидан, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмида ахборот-коммуникация технологиялари секторининг улуши ҳамон камлигича қолмоқда. Ривожланган мамлакатларда мамлакат ЯИМда ва экспортида ахборотларнинг ва инновацион ишланмаларнинг улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айрим мамлакатлар (масалан, АҚШ, Япония кабилар) иқтисодиёти инновацион ва информацион иқтисодиёт мақомини олгани ҳам ҳақиқат.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз ўзининг жадал ривожланишини ва рақобатбардошлигини таъминлаши учун илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш, бугунги кунда объектив заруриятга айланиб бормоқда.

Мамаюнус Пардаев,

 СамИСИ профессори, и.ф.д.

Обид Пардаев,

 ТМИ тадқиқотчиси

(“Туркистон-пресс”).



[2]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрда“2019-2021 йилларда ўзбекистон республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ПФ-5544-сонли Фармонининг 1-иловаси. “2019-021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси”.//Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.09.2018 й., 06/18/5544/1951-сон.

[3]Ўша жойда.