2018-11-27 16:30:06

ОЛИЙ РАДА УКРАИНАДА ҲАРБИЙ ҲОЛАТ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИНИ МАЪҚУЛЛАДИ

26 ноябрь куни Украина Олий Радаси мамлакат ҳудудининг айрим вилоятларида 30 кунлик ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги Президент Петр Порошенконинг киритган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Бундан бир кун олдин Украина Президенти Пётр Порошенко мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини имзолади. Ушбу ҳужжат давлат раҳбари сайтида эълон қилинган эди.

Украина конституциясига кўра, Миллий хавфсизлик ва Мудофаа кенгаши (СНБО) ҳарбий ҳолат киритиш бўйича таклиф беради. Кейин уни Президент қўллаб-қувватлаб, махсус фармон чиқариши керак бўлади. Шундан сўнг Украина парламенти уни қабул қилиши мумкин.

Хоиж матбуоти хабарларига кўра, Украина Президентининг бу фармони Керчь бўғозида содир бўлган воқеа билан боғлиқ. 25 ноябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Украина Ҳарбий-денгиз кучларининг 3та кемасини Россия ҳудудига қарашли Қрим сувлари ҳудудига киргани учун қўлга олганди.