2018-11-27 16:34:34

ХИТОЙНИНГ ЭНГ БОЙ ОДАМИ КОММУНИСТ БЎЛДИ

Хитойнинг энг бой одами, Alibaba Group  компанияси асосчиси Жек Ма Хитой Коммунистик партияси аъзоси бўлди. Бу ҳақда Lenta.ru ХХРнинг «Женьминь Жибао» газетасига асосланиб  хабар берди.

Мазкур газета мамлакатни ривожлантириш ва унинг ҳаётига сиёсий ислоҳотлар ҳамда очиқлик сиёсати олиб киришдаги алоҳида хизматлари бўлган ХХРнинг 100 нафар фуқароси рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Ма Юнь (Жек Манинг асл хитойча исми-шарифи) ҳам бор. Аммо Жек Ма қачон партия сафига кирганлигига газетада аниқлик киритилмаган.

Давлат Жек Манинг иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, электрон савдо платформасини, шунингдек, товарлар учун электрон тўловларни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнес учун қулай логистика ва ифратузилмасини барпо этишдаги муносиб ҳиссаларини эътироф этган.

Бундан ташқари, Жек Ма “Цзянсу провинциясида социализмни хитойча усулини жорий этишнинг таниқли қурувчиси” фахрий унвонига сазовор бўлган.

Газетанинг ёзишича, алоҳида хизматлари бўлган ХХРнинг 100 нафар фуқароси рўйхатига  хитойлик тадбиркор, Tencent  инвестицион компанияси бошлиғи Пони Ма (Ма Хуатэн)  ва Baidu  компанияси асосчиси Робин Ли (Ли Яньхун)лар ҳам кирган.

Маълумот учун, Жек Ма —Alibaba Group компанияси (унинг таркибига AliExpress интернет магазини ҳам киради)  бошлиғи ва асосчиси ҳисобланади. Ушбу тадбиркорнинг умумий бойлиги 39,6 миллиард долларни ташкил этади. Шу боис у Хитойнинг дунёдаги энг бой одами, деб ҳисобланади.

“Туркистон-пресс”