2018-12-03 18:04:02

ФРАНЦИЯЛИК САЙЁҲНИ ҲАЙРАТЛАНТИРГАН ГУЛИСТОНЛИК МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ

Сирдарё вилояти 1-хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Мадина Суннатованинг синфдошлари билан Самарқандга саёҳати бир умр эсда қоладиган бўлди.

Гап шундаки, у Регистон майдонида хорижлик сайёҳ Жютон Гуй билан суҳбати давомида ўзининг француз тилини қай даражада билишини яна бир бор синовдан ўтказди. Франциянинг Ла-Рошель шаҳрилик Жютон Гуй эса тарихий обидаларимиз қаторида Ватанидан минглаб километр олисда ўзбекистонлик ўқувчи қизнинг француз тилини мукаммал билишидан жуда ҳайратланганини изҳор қилди.

“Айни чоғда Жютон Гуй билан интернет орқали мулоқот қилиб турибмиз. Қувонарлиси, у ўзбек тилини ўрганиш ниятида эканлигини билдирди. Бу борада, албатта, унга ёрдам бермоқчиман”,-дейди Мадина.

Мадина Суннатова 2014 йилги “Билимлар беллашуви” танловининг республика босқичида иккинчи ўрин соҳибаси бўлган.

Шунингдек, жорий йил бошида унинг “Француз тилини ўрганмоқчимисиз. Марҳамат” деб номланган қўлланмаси ҳам чоп этилди ва бу ишланма Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари томонидан муносиб эътироф этилди. Яна Мадина ҳозиргача 10 та энг машҳур ўзбек халқ эртакларини француз тилига таржима ҳам қилди.

Фото: "Халқ сўзи Online"