2018-12-04 16:50:53

ЎЗБЕКИСТОН МИГРАЦИЯ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТГА АЪЗО БЎЛДИ

Миграция бўйича халқаро ташкилот кенгаши Ўзбекистоннинг МХТга аъзо бўлиш учун берган аризасини маъқуллади. Шу тариқа мамлакат ташкилотнинг 173-аъзоси бўлди, дея хабар бермоқда Norma.uz нашри.

1951 йилда ташкил этилган Миграция бўйича халқаро ташкилот миграция соҳасида етакчи ҳукуматлараро муассаса ҳисобланади, ҳукумат, ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистоннинг МХТга аъзо бўлиш масаласи Ўзбекистон ҳукуматининг расмий талабига биноан кенгаш сессияси кун тартибига киритилган эди. Ташкилот Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг одам савдоси қурбонлари ва ёрдамга муҳтож мигрантларига тўғридан-тўғри кўмак бера бошлаган 2003 йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади.

МХТ ташаббусига кўра мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида қабул қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясига киритилган. Ҳужжат матнида шундай дейилади: «Давлатлар барча мигрантларнинг, уларнинг миграция мақомидан қатъи назар, барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, муҳофаза этилиши ва амалга оширилишини таъминлашга интилишлари шарт».