2018-12-04 16:53:33

БОР МЕҲРИМИЗ СЕНГА, БОЛАЖОН!

Ўзбекистон “Адолат” СДП ўтказган хайрия акцияси ана шундай номланди.

Мамлакатимизда ҳар йили 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан турли тадбирлар, учрашувлар, акциялар ўтказиш анъанага айланган.

Бош қомусимизда инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият сифатида қаралиши бу байрамни аҳамиятини янада оширади. Унинг муқаддима қисмининг ўзидаёқ республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиши белгилаб қўйилган. Муносиб ҳаёт кечиришнинг асосий шарти, албатта саломатликдир. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам халқимиз саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича бир қатор муҳим масалалар ўрин олган.

Шу сабабли партия Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий хайрия акциясини ўтказди.

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ўтказилган мазкур беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож бемор болаларга жон бағишлаш, уларнинг ҳаётга қайтишларига ёрдам бериш, оғир бемор болаларнинг умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш, бу ёруғ дунё гўзалликларига интиқ кўзларига нур ато этиш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган мингдан ортиқ юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида бўлиб ўтган ана шундай акцияда иштирок этиш учун юзлаб фуқаролар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди. Улар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар билан биргаликда партия ходимлари ҳам мурғак қалбларга илиқлик улашишди.

Дарҳақиқат, боланинг бегонаси бўлмайди. Бу мурғак қалбнинг шодон кулгиси учун дунёни бахшида этсанг арзийди. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлайди. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи.Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта донорлар кўмагига муҳтож.

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ҳам шу турдаги касалликлар билан оғриган юзлаб болалар қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсонлар — донорлар мурувватини кутиб яшамоқда.

Мамлкатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир.Бугун бутун аҳолининг 0,4 % гина қон топширади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4% ни ташкил қилади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса донорлар аҳоли сонининг камида — 1 % ни ташкил этиши лозимлиги белгилаган. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимизда беғараз донорликни ривожлантириш, унинг аҳамиятини кенг омма ўртасида тарғиб қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади ва йилига икки марта хайрия акциялари ўтказишни анъанага айлантирган. 

Қон бериб, беморлар ҳаётини сақлаб қолган донорнинг қалб ифтихорини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Акцияда фуқаролар бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширдилар, улар инсонпарварлик ва меҳр-шафқат кўрсатган ҳолда мамлакат аҳолисини саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшдилар. Бундан ташқари, бемор болажонлар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган энг олий ҳуқуқ – яшаш ҳуқуқининг узвийлигини таъминладилар.

Акция давомида беғараз қон топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди. 

“Туркистон-пресс”