2018-12-04 16:58:12

АВТОКЎПКУРАШЧИЛАР МУСОБАҚАСИ

Мамлакатимизда бахтимиз қомуси — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносиб кутиб олинмоқда. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан жойларда турли тадбирлар, спорт мусобақалари  ўтказилаётир.

Хусусан, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши ҳамда  вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази ташаббуси билан тизим тасарруфидаги ўқув спорт техника клублари ва ўқув муассасаларининг  спортчилари ўртасида икки ёш тоифасида автокўпкураш  бўйича   вилоят биринчилиги   ташкил этилди.

Жумладан, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган  иштирокчилар биринчилигида  шоҳсупанинг биринчи поғонасига  Қўшкўпир тумани  ўқув спорт техника клуби  аъзоси Аброр Дурдиев кўтарилди.   Эътиборлиси шундаки, 26 ёшдан 35 ёшгача бўлган қатнашчилар мусобақасида ҳам ушбу туман автокўпкурашчисига тенг келадиган рақиб топилмади. Бу ерда  Шерзод Бобожонов зафар қучди. Шунингдек, Гурлан тумани ЎСТК жамоасидан Бектемир Ражапов, Боғот туманининг “Равон” ЎСТК жамоасидан Руслан Давлетов, Ҳазорасп автомобиль мактаби жамоаси  аъзолари Достон Аширов ва Мурод Бегиевлар биринчилик шоҳсупасидан ўрин олишди. 

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар билан тақдирланишди.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”