2018-12-04 17:00:18

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир жараён, хусусан иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган туризмни ривожлантириш ҳам аҳолининг фаровон яшашини, муносиб дам олишини, иш билан бандлик масаласини ҳудудларда ҳам ҳал қилишга қаратилган. Бу билан халқнинг розилигига сазовор бўлиш ва уларни эртага эмас, бугуноқбахтли яшашликларини таъминлашга қаратилганлигидан далолатдир.

Маълумки, ҳар йили 20 март “Халқаро бахт куни” сифатида нишонланади. Шу кунда дунё миқёсида БМТ буюртмасига кўра “Sustainable Development Solutions Network” ташкилоти томонидан кузатувлар ўтказиб, дунёнинг энг бахтли давлатлари рўйхати эълон қилинди. Дунё аҳолисининг бахтлилик даражаси олтита омил билан ўлчанади. Булар: аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, умр кўриш давомийлиги, мураккаб вазиятлардаги ижтимоий кўмак, ишонч (ҳукуматга), кишилар томонидан қарорларнинг эркин қабул қилиниши, шунингдек сахийлик.

“Sustainable Development Solutions Network” ташкилоти томониданушбу маълумотларасосида тайёрланган бахт бўйича жаҳон давлатлари рейтинги йиллик ҳисоботида айтилади. Бунда 2017 йил натижалари бўйича Норвегия дунёнинг аҳолиси энг бахтли бўлган давлати деб тан олинди. Бахт даражаси бўйича иккинчи ўринда — Дания, ундан кейинги поғоналардан эса Исландия, Швейцария, Финляндия, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия ва Швеция жой олган. Америка Қўшма Штатларижаҳон бахт рейтингида 14-ўринни эгаллади. Германия 16— поғонада, Буюк Британия —19, Франция эса —31—ўринда. Ўзбекистон рейтингда 47-ўринда жойлашди, ундан кейинги поғоналардан эса Италия (48), Россия (49) ва Япония (51) каби давлатлар жой олди. Рейтингнинг энг охирги поғоналаридан Руанда, Сурия, Танзания, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси жой олган.“Sustainable Development Solutions Network” ташкилоти раҳбари Жеффри Сакснинг фикрича “Бахтли давлатлар — бу моддий фаровонлик ва ижтимоий капитал ўртасидаги соғлом нисбатга эга мамлакатлардир”.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида 47 ўринни эгаллаб турибди. Бу мустақилликка эришган мамлакатлар ичида яхши кўрсаткич. Бунда аҳолининг фаровонлиги билан бирга тинчлиги, хотиржамлиги каби муҳим кўрсаткичлар инобатга олинган. Ушбу ҳолатлар биринчи галда оилалар аҳволида намоён бўлади. Ҳозирги кунда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. 2017 йилда ушбу кўрсаткичнинг миқдори 254043,1 млрд. сўмни, унинг ўсиш даражаси 5,2 %ни ташкил қилди. Худди шундай аҳолининг умр кўриш давомийлиги ҳам ошиб, 2017 йилда 70 ёшдан ошиб кетди, албатта,мураккаб вазиятлардаги ижтимоий кўмак масаласи ҳам бизда ўзимизга хос тарзда ривожланиб бормоқда.  Аҳолининг жон бошига тўғри келадиган номинал даромадлар ҳам ўсиш тенденциясига эга. 2017 йилда 5649,6 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда ушбу кўрсаткичнинг миқдори 4218,7 минг сўмни ташкил қилган[1]. Шу даврда унинг ўсиш суръати 133,9 %ни ташкил қилади.

МамлакатимиздаЮртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”деб номлаб, уни амалга оширишга оид Давлат дастуритўғрисидаги ПФ-5308-сонли Фармони эълон қилинди.Ушбу тадбирлар ҳукуматга аҳолининг ишончини ошириб юборди. Ҳозирги кунда ҳар бир киши ўз фаолиятини йўлга қўйишда қарорларни ҳам эркин қабул қиладиган бўлди. Эркин иш танлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш каби ишлар ҳар бир кишининг ўз ихтиёрида. Шунингдек сахийлик биз учун асл қадрият сифатида ўз моҳиятини йўқотган эмас. Буларни инобатга оладиган бўлсак, бахтлилик даражаси бўйича келгусида ҳам юқори пағоналарга қараб бораверишимиз табиий. Булар албатта ҳар бир оиланинг бахтли яшашлигида ўз ифодасини топади.

Энди туризм соҳасига келадиган бўлсак, ушбу соҳа кўрсаткичлари ҳам ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Чунки, мамлакатимизда туризм жадал ривожланиш босқичига кирди. Ушбу масалага мамлакатимизда жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда тарихий-маданий, зиёрат, экологик, этнологик, гастрономик, маданий-маърифий, археологик, соғломлаштириш ва қишлоқ хўжалик туризми ташкил этиладиган объектларни ва ҳудудларни ўрганиш, ташкил этиладиган объектларни ва ҳудудларни танлаб олиш ва рўйхатларини шакллантириш, уларнинг шарт-шароитлари билан танишиш,зарурий инфратузилмани яратишборасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Зеро, туризм ҳам бугунги кунда аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга уларнинг бахтли яшашнини ҳам таъминлайди. Халқда бир гап бор, “Мен ўзимни жуда бахтли, деб ҳисоблайман. Чунки, дунёнинг шунча қисмини кўриб келдим. Бу дунёда кўрганинг қолади.” Ҳақиқатда туризм соҳаси ҳам инсонларнинг бахлилик даражасининг бир белгиси, кўрсаткичи бўлиб ҳисобланади.

Бу борада ҳам анча ютуқларга эришмоқдамиз. 2017 йилда мамлакатимизга  барча ташриф буюрувчилар сони 10018,4 минг кишини ташкил қилган. Улардан кириш туризмининг улуши 26,9 %ни ёки 2690,1 минг кишини ташкил қилмоқда. Чиқиш туризмининг ҳиссаси 51,7 %га тенг ёки 5182,5 минг кишидан иборат. Ички туризмнинг умумий туризмдаги улуши 21,4 %ни ёки 2145,9 минг кишини ташкил қилади. Туризмнинг ўсиш суръати 2016 йилга нисбатан 2017 йилда 129,3 %ни ташкил қилмоқда. “Ўзбекистонда туризм” номли статистик тўпламда соҳага оид оилавий тадбиркорлик тўғрисида маълумотлар берилмаган. Аммо туристик фирмалар таркибида кичик корхоналар ва микрофирмалар тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Ушбу маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилинганда туристик фирма ва ташкилотлар таркибида кичик корхоналар ва микрофирмаларнинг улуши 2017 йилда 42,2 %ни ташкил қилган. Меҳмонхона ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситаларида уларнинг улуши 84,4 %ни ташкил қилган бўлса, санатория ва курорт муассасаларининг улуши 32,8 %га тенг. Дам олиш ташкилотлари туристик базаларнинг улуши 35,9 %ни ташкил қилмоқда[2]. Кўриниб турибдики, туристик фирмалар таркибида кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳам тегишли равишда ўзининг салмоғига эга. Бу ерда жуда кўплаб меҳмонхоналар оилавий тадбиркорлик асосланган ҳолда ташкил қилинган.

Оилавий тадбиркорликни, унинг фаровонлиги ва буларнинг таъминланишида туризмнинг ролини тадқиқ қилиш натижасида бир қанча таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқилишга муваффақ бўлдик. Ушбу таклифларимиз қуйидагилардан иборат:

1. Статистик тўпламларда, шу жумладан “Ўзбекистонда туризм” номли статистик тўпламда ҳам оилавий тадбиркорлик тўғрисида маълумотларни алоҳида бериб борилиши лозим. Чунки “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни мавжуд. Унинг ижроси мамлакатимизда соҳалар бўйича қандай бажарилаётганлигига, туризмнинг оилавий фаровонликка, шу орқали аҳолининг бахтлилик даражасига қандай ҳисса қўшаётганлигига, худудларда иқтисодиётнинг юксалишига айнан ушбу соҳа қандай ҳисса қўшаётганлигига аниқлик киритилиб борилади.

2. Оилавий тадбиркорликни туризм соҳасида аҳолининг ўзини-ўзи иш билан банд қилиш тамойилини асосида ривожлантириш мумкин. Бунда асосан меҳмонхона ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситаларини, меҳмон уйларини ташкил қилишда, уларга турли қўшимча хизматларни кўрсатишда фойдаланиш мумкин.

3. Туризм ривожланган ҳудудларда аҳолининг шахсий транспортини ҳам соҳага жалб қилиш йўли билан уларни иш билан таъминлаш, шу йўл билан фаровонлигини ошириш имконияти туғилади. Бу ҳам оилаларнинг бахтлилик даражасига ижобий таъсир қилади.

4. Муҳими қишлоқларга маданият кириб келади, турли халқлар ва миллатлар маданиятини, тилини ўрганига киришилади.

Агар бизнинг тавсияларимиз амалга оширилса, ўйлаймизки, бир вақтнинг ўзида туризм соҳаси ривожланади, аҳолининг иш билан бандлиги таъминланади, фаровонлигини ва бахтлилик даражаси янада юксалади.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

иқтисод фанлари доктори