2018-12-04 17:01:44

УМИД АҲМАДЖОНОВ СЕУЛДА КФА ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, мамлакат футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов айни пайтда Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Сафар доирасида бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилганди. Ана шундай учрашувлардан бири Жанубий Корея футбол ассоциацияси президенти Монг Гю Чонг билан бўлиб ўтди. 

Сир эмаски, футбол бўйича Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида анчадан буён ишончли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Яқин йиллар ичида эса ушбу дўстлик ришталари янада ривожланди. Икки мамлакат футбол ассоциациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу икки юрт миллий терма жамоалари кўплаб ўртоқлик ўйинлари ўтказишган. Кореяликлар нафақат Осиёда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз ўринларига эгалар. 

Бўлиб ўтган учрашув давомида томонлар болалар ва ёшлар футболи бўйича тажриба алмашиш, турли ёшдаги терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказиш масаласида фикр алмашдилар. Шунингдек, мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш масаласида ҳам томонлар яқиндан ҳамкорлик қиладилар.  

“Туркистон-пресс”