2018-12-05 18:38:10

«ERIELL PROF EDUCATION» МАРКАЗИ: НЕФТЬ-ГАЗ СОҲАСИ УЧУН КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ИННОВАЦИЯЛАР

Тошкентда 2018 йил 4 декабрда Ўзбекистон нефть-газ соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган «ERIELL prof education» корпоратив ўқув марказининг очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20 ноябрида бўлиб ўтган нефть-газ соҳаси ҳолатига бағишланган йиғилишда таъкидлаганидек, соҳанинг ривожланишида инновацион ечимларнинг ишлаб чиқилиши ва энг янги технологияларнинг жорий қилиниши устувор йўналишни ташкил этиши керак. Ўзбекистон нефть-газ комплекси инновациявий ривожланишининг муҳим шарти унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, бу ерда иш юритаётган менежерлар ва ходимларнинг касбий малакасини оширишни  ташкил этиш ҳисобланади.

Ўзбекистон нефть-газ корхоналари инновациявий ривожланишида кадрлар масаласининг долзарблигини янги ўқув марказининг ташкил қилиниши ҳам тасдиқлайди.  «ERIELL prof education» корпоратив ўқув маркази самарали бурғулаш пудратларини аниқлаш бўйича энг яхши учта нефть-газ компаниясидан  бири ҳисобланувчи «ERIELL» халқаро нефть-сервис гуруҳи  учун менежерлар ва мутахассислар касбий ривожланишини таъминлашга йўналтирилган.

Ўқув маркази  И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (РДУ) Тошкентдаги филиали ҳудудида жойлашган бўлиб, санаб ўтилган компаниялар ушбу ўқув юрти билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Марказнинг кўп функцияли ўқув фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига мувофиқ  ташкил қилинган ҳамда ўқув жараёнига энг янги таълим технологиялари асосида нефть-газ бизнеси соҳасида менежерлар ва етакчи мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибани  кенг жорий этишга қаратилган.

Марказнинг синов тарзда фаолият юритиши 2018 йилнинг февралидан бошланган. Бунда касбий ривожланишга оид бир ойлик ўқув курслари марказий ўринни эгаллайди, асосий эътибор тингловчиларда инновациявий фикрлашни шакллантириш, фаол таҳлилий фаолият тамойиллари ва нефть-газ соҳасидаги самарали операцион бизнесга қаратилади.

Айни пайтда бир ойлик ўқув курслари доирасида маъруза машғулотларининг эрталабки пайтда, 8 академик соат ҳажмидаги амалий тренингларни эса шанба кунлари ташкил этиш ҳисобидан ташкил қилгани туфайли тингловчилар  асосий фаолиятидан узилмаган ҳолда ўқиш имконига эга бўлади.

Касбий ривожланиш курслари машғулотларига халқаро сертификатга ва хорижда ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган етакчи олимлар, дипломатлар, мутахассислар ва мураббийлар жалб қилинмоқда.

2018 йил якунларига кўра, касбий таълимнинг энг талаб кучли бўлган йўналишларини стратегик менежмент, лойиҳавий бошқарув, таҳлилий фикрлаш, IT-технологиялар, инновациявий менежмент, ишбилармонлик мулоқоти психологияси ва бошқалар ташкил этади.

Шу йилнинг бошидан касбий ривожланиш бўйича бир ойлик ўқув курсларида  «ERIELL»  ва «ENTER Engineering» компаниялари департаментлари ва хизматларининг 246 нафар ходими таълим олди. Ҳар икки компания менежерлари ва мутахассисларида «Харидларни бошқариш», «Қурилишни бошқариш», «Молиявий менежмент», «Стратегик менежмент», «Бухалтерия ҳисоби», «Сервис менежмент», «АТ операцион фаолиятини бошқариш», «Шартномаларни маъмурийлаштириш» ва бошқалар катта қизиқиш уйғотди.

Касбий ривожланиш курслари тингловчилари ўқиш даврида, шунингдек, Тошкент театрларининг энг сара спектакллари ва музейлардаги экспозицияларни томоша қилиш, республикамизнинг таниқли маданият ва санъат арбоблари билан учрашиш орқали ўз маданий савиясини ошириш имкониятига эга бўлди.

Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ва ўз тақдимотларини ҳимоя қилган тингловчилар махсус сертификатга эга бўлди, ушбу ҳужжат йиллик аттестацияларда ва хизмат пиллапояларидан ўсишда эътиборга олинади.

«ERIELL prof education» ўқув марказининг яна бир муҳим функционал бўғинини инглиз тили ўқув курслари ташкил қилади. Ушбу машғулотлар Тошкентнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий ўқув технологияларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади. 2018 йилда ҳар икки компаниянинг 560 дан зиёд ходими ушбу курсларда таълим олиб замонавий ишбилармонлик тили кўникмаларини эгаллади.

Таълим самарадорлигини ошириш мақсадида «ERIELL prof education» ўқув маркази раҳбарияти ўқув фаолиятининг диверсификациясига, аудиторияларни мультимедия қурилмалари ва электрон доскалар, шунингдек, хорижий ўқитувчилар маърузаларини синхрон таржима қилиш бўйича ускуналар билан жиҳозлашга катта эътибор қаратмоқда.

«ERIELL prof education» ўқув марказининг Қарши шаҳридаги филиали унинг таркибий қисми ҳисобланади. Бугунги кунда у замонавий инфратузилмага, пухта жиҳозланган бешта ўқув синфига, ноёб ўқув-машқ полигонига эга бўлиб, булар нафть-газ соҳасидаги 23 йўналиш ва 17 касб бўйича биринчи бўғин ишлаб чиқариш ходимлари касбий малакасини ошириш имконини беради.

2019 йил январидан ўқув маркази таркибида лойиҳавий бошқариш бўйича ўқув курслари очилмоқда, унда машғулотларни РМВОК ва Prince II соҳасидаги сертификатга эга мураббийлар олиб боради.

«ERIELL prof education» ўқув маркази институционал ривожланишининг навбатдаги босқичида унинг етакчи хорижий олий ўқув юртлари, хусусан,  Judge Business School Cambridge University (Англия), University of Leicester (Англия), Humboldt-Universitat zu Berlin (Германия),  шунингдек, қатор йирик хорижий компаниялар, хусусан, Micromine Intuitive Mining Solutions ни (Австралия) жалб қилган ҳолда корпоратив бизнес-мактабга айлантириш режалаштирилмоқда. Ўқув жараёнини янада такомиллаштириш ва янги таълим дастурларини ўзлаштириш мақсадида дунёнинг 20 мамлакатида ўқув муассасаларни инновациявий ривожлантириш бўйича бой тажрибага эга Squire Patton Boggs (АҚШ) консалтинг фирмаси билан ҳамкорлик ўрнатилган.

 “Туркистон-пресс”