2018-12-06 16:59:50

“АДОЛАТ” КЎКРАК НИШОНИ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Жорий йилнинг 5 декабрь куни мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар орасида биринчи бўлиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан тасис этилган “Адолат” кўкрак нишони илк эгаларига топширилди. Бу ҳақда партия Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги маданият саройида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирок этишди.

“Адолат” кўкрак нишони билан партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ва обрўсининг юксалишига, унинг нуфузини оширишга хизмат қилган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган партия фаоллари тақдирланди.

“Адолат” кўкрак нишонини ўз эгаларига партия сиёсий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сипикери ўринбосари Наримон Умаров тантанали равишда топширди.

“Адолат” кўкрак нишони билан 1996 йилдан 2005 йилгачапартия Сиёсий Кенгашининг биринчи котиби лавозимида самарали фаолият олиб борган, ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, партия Фахрийлари Кенгашининг фаол аъзоси Турғунпўлат Даминов, 2008 йилдан 2013 йилгача партия Сиёсий Кенгашининг раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари лавозимида самарали фаолият олиб борган, фалсафа фанлари доктори, ҳозирда Тошкент давлат Иқтисодиёт университети профессори, партия Фахрийлари Кенгашининг фаол аъзоси Исмоил Саифназаровлар тақдирланди.

Шунингдек, партия сайловолди дастурини ҳаётга тадбиқ этишда ҳамда сайловчилар ишончини оқлашда фаол фаолият юритиб келаётган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев, Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати Вилоят Акрамова ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг мафкуравий ишлар бўлимида етакчи мутахассис лавозимида фаол меҳнат қилиб, партиявий лойиҳаларни ҳаётга самарали татбиқ этилишида жонбозлик кўрсатаётган Гулнисо Саидовалар ҳам “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бу ташаббуси мамлакатимизда олиб борилаётган барчаси инсон ва унинг манфаатлари учун тамойилини ўзида акс эттирган ислоҳотлар жараёнида партия фаоллари ва хайрихоҳлари сони ортишига туртки бўлади.

Тадбир якунида кўкрак нишони соҳиблари ва иштирокчилар учун санъат усталари иштирокида байрам дастури ҳам тақдим этилди.

Сурайё ИМОМОВА,

“Туркистон-пресс”

Фото: “Адолат” СДП Матбуот хизмати.