2018-12-06 17:14:16

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ЖУРНАЛИ ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДА МАХСУС СОН ЧОП ЭТДИ

Жанубий Корея Республикасининг “Go On travel magazine” нашрида дунёнинг туристик шаҳарларидан олинган бетакрор суратлар ва бир-бирини такрорламайдиган қизиқарли маълумотлар эълон қилиб борилади.

Ойда бир марта чоп этиладиган ушбу журналнинг тиражи ўттиз мингта бўлиб, нашр маълумотлари 500 мингдан ортиқ электрон ахборот манбалари орқали кенг оммага етказилади. Бу журнални мамлакатдаги жамоат жойларида, хусусан, меҳмонхона, кафе, шифохона, темир йўл вокзалларидан ҳам топиш мумкин.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар теришича, ушбу журналнинг ноябрь ойидаги сонида Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги тарихий обидалар ҳақида батафсил маълумотлар ўрин олган. Материалларда Ўзбекистон ўзининг неча минг йиллик бой, қадимий тарихи, архитектура ёдгорликлари ва маданияти, бетакрор табиати билан дунё сайёҳлари ўзига жалб этиб келинаётгани ҳақида фикрлар билдириб ўтилган.