2018-12-06 17:18:04

ФИДОЙИ ЁШЛАРГА “ЎЗБЕКИСТОН БЕЛГИСИ” КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшларга «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонини топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ сайти хабар берди.

Маросимда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси халқ таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари давлат ва жамоат арбоблари, вазирлик, идора ва муассасаларнинг мутасадди раҳбарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари ва фаоллари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

— 2003 йилдан бошлаб «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан мукофотланган ёшлар сони 551 нафарни ташкил этди. Мазкур кўкрак нишони соҳиби бўлиш иштиёқидаги ёшларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини 2018 йилда танлов Комиссиясига мингга яқин ёшлар ҳужжати келиб тушганлигидан билишимиз мумкин, – дейди ёшлар етакчиси Қаҳрамон Қуронбоев. — Бу галги тақдирлаш аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ўзининг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси обрўсини халқаро даражада юксалтиришга қўшган алоҳида ҳиссаси учун чет эл фуқаролари, яъни Россия ва Хитойдаги ҳамкорларимиз тақдирланадилар.

Илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат ва журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган, илмий-ижодий фаолияти орқали юксак натижаларга эришаётган 41 нафар ёшларга соҳаларнинг фахрли вакиллари томонидан «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони топширилди.

«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳибларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов қутлади.

Фото: KUN.UZ