2018-12-10 18:59:16

РАҚОБАТ ВА У БИЛАН БОҒЛИҚ ТУШУНЧАЛАРНИНГ ТАЪРИФЛАРИ

Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида рақобатбардошликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Эркин иқтисодиёт шароитида хўжалик юритувчи субъектлар мулкдорлари ва раҳбарларида масъулият ошади ва улар корхона ҳамда маҳсулотининг рақобатбардошли бўлишига ҳаракат қилади.

Эркин рақобат асосида ривожланадиган иқтисодиёт шароитида корхона ва улар маҳсулотининг рақобатбардошлигини таҳлил қилишнинг назарий ҳамда методологик муаммоларини тадқиқ қилиш зарур ҳисобланади.

Рақобатмасаласини таҳлил қилиш учун, фикримизча, аввало унинг мазмунини тўлиқ очиб бериш зарурдир. Шу сабабли биринчи ўринда рақобатсўзининг луғавий маъносига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Ўзбек тилининг 5 томлик изоҳли луғатида “рақобат” сўзи араб тилидан олинган бўлиб “кузатиш, назорат” деган маъноларни англатиши келтирилиб, қуйидаги 3 та изоҳ берилган:

  • баcма-басликка беллашув; ким ўзди;
  • талабгорлар, рақиблар кураши.
  • мустақил товар ишлаб чиқарувчи (корхона)лар ўртасида товарларни қулай шароитда ишлаб чиқариш ва яхши фойда келтирадиган нархда сотиш, умуман, иқтисодиётда ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун кураш”[1], дейилган.

Иқтисодиёт нуқтаи назаридан қаралганда рақобатсўзининг мазмунига луғатда берилган учинчи изоҳ мосдир. Лекин иқтисодий атамалар ва жараёнларни ўрганишда бундан ташқари “рақобатбардош”, “рақобатбардошлик”, “рақобатлашмоқ”, “рақобатчи”, “рақобатчилик” каби сўзларга ҳам дуч келинади. Биз мазкур ҳолатда рақобат тушунчаси тўғрисида гап юритамиз. Чунки, рақобат тўғрисидаги қарашлар бўйича олимлар ҳам  ҳамон бир фикрга, тўхтамгакелинган эмас. Шу боис айрим  олимларнинг мазкур атама тўғрисидаги қарашларига тўхталиб ўтамиз.

А.Н.Азрилян раҳбарлигидаги муаллифлар жамоаситомонидан тайёрланган иқтисодий луғатда,рақобатга “Товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги капитал, хомашё ва бозорни таъминлаш учун  қулай соҳани эгаллашга қаратилган мусобақа”[2], деб таъриф беради. Ушбу таърифда муаллифлар томонидан рақобат атамасининг мазмунига бир мунча чегараланишга йўл қўйилган. Чунки,рақобат фақат товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида бўлмайди, балки бошқа соҳаларда ҳам амал қилади. А.М.Румянцев раҳбарлигидаги муаллифлар жамоаси эса “Товар ишлаб чиқаришга хос, хусусий мулкчиликка асосланган бўлиб, хусусий товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида товарни  ишлаб чиқариш ва сотишда қулай шароит учун муросасиз кураш жараёни”ни рақобат,  деб  таъкидлайдилар. Бу ерда ушбу атаманинг мазмунига А. Азрилян раҳбарлигидаги муаллифлардан анча кенгроқ тавсиф берилган. Муаллифлар томонидан рақобат фақат товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида эмас, балки сотиш жараёнида ҳам содир бўлиши эътироф этилган.

Айрим олимлар эса, рақобатни бозордаги кураш тарзида таърифлайди. Хусусан, А.Г.Грязнова раҳбарлигидаги муаллифлар жамоаси рақобатни “Истеъмолчиларнинг чегараланган талабини қондириш учун турли фирмалар ўртасида ўзларига мақбул бўлган бозордаги кураши”,   деб тавсифлайдилар. В.И.Видяпин ва Г.П.Журавлёвалар раҳбарлигидаги муаллифлар жамоаси рақобатни “Бозор муносабатлари иштирокчиларининг товарни ишлаб чиқариш ва сотишда қулай шароитга эга бўлиши учун кураш жараёни”,  – сифатида баҳолайдилар. Юқорида келтирилган барча таърифларда рақобат товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнидаги кураш сифатида қаралган.

Иккинчи бир гуруҳ олимлар эса ушбу масалага бошқача мазмунда ёндашадилар. Масалан, Н.Грегори Монкью “Бозор рақобати — кўп сотувчи ва кўп харидорга эга бўлган бозор бўлиб, уларнинг ҳар бирининг бозор баҳосига маълум миқдорда таъсир этишидир” — деб таърифлайди. Ушбу қарашда рақобат атамасининг мазмуни бойитилиб, унда ишлаб чиқариш, сотиш билан биргаликда нарх масаласи ҳам ўз ифодасини топган. Рақобат тушунчасига олимлар томонидан берилган таърифларни ўрганиш мазкур атаманинг мазмуни юзасидан  назарий ва амалий жиҳатдан асосланган аниқ таърифни ишлаб чиқиш ҳам  долзарб масала эканлигидан далолат бермоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир янги жараённи  амалиётга жорий қилиш учун олдин унинг назарияси ишлаб чиқилиши лозим. Аммо Ўзбекистонда рақобатни шакллантириш, бунинг учун эса рақобатмуҳитини яратиш, эркин рақобат шароитида ҳар бир хўжаликюритувчисубъектининг табиати қандай бўлишлиги хусусида ўзимизга хос назарий концепция яратилган эмасэди. Чунки режали иқтисодиёт шароитида бунга ҳожат ҳам йўқ эди.

Мамлакатимизда нашр қилинаётган адабиётларда эркин рақобатни бозор муносабатларибундан юз йиллар олдин шакллангантараққий этган давлатларда қандай бўлса шундай тушунтирилмоқда. Бироқ, Ўзбекистон ўзига хос тараққиёт йўлига, ўзига хос менталитетига, қадриятига, маънавий ва ахлоқий принципларга асосланган урф-одатларига эгаки, булар эркин рақобатни ҳам ўзига хос бўлишини тақозо қилади. Бу эса, ўз навбатида, эркин рақобатнинг Ўзбекистонга хос назарий асосини яратиш заруриятини туғдиради.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ўзига хослиги, унинг эркин рақобат муҳитига таъсирининг ҳам ўзига хослигини тақозо қилади. Мазкур хусусиятлар, бизнинг фикримизча, қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчидан,мамлакатимизда эркин рақобат субъектларининг шаклланиши асосан хусусий мулк негизида эмас, балки давлат мулкини хусусийлаштириш эвазига амалга оширилганлигидир. Бу корхоналар қаттиқ режа асосида фаолият кўрсатишга мослашган корхоналар эди. Уларни бозор шароитига кўниктириш, албатта, унчалик осон иш эмас. Шу туфайли уларнинг кўпи инқирозга учраб синиб улгурди. Оқибатда ҳозирги кунда хўжалик юритувчи субъектларнинг янги, бозор муносабатларига мос авлоди шаклланди.

Иккинчидан, корхоналар хом ашё, ускуналарни қатъий фонд асосида олишга одатланган бўлиб, ишлаб чиқарган товарларини давлат буюртмаси асосида тақсимлар эди. Унда эркин сотиш, харидорни топиш, маркетинг хизмати каби бозор муносабатлари тамойилларига асосланмас эди. Бу тамойилларнинг жорий қилиниши ҳам кўплаб корхоналарнинг ўз ўрнини топиб кетиши учун катта қийинчиликлар туғдирди. Шу туфайли ҳозирги кунда иқтисодиётни эркинлаштириш масаласида маълум ютуқлар қўлга киритилди. Нимани, қанча ишлаб чиқариш, кимга ва қаерда сотиш масалаларини ҳар бир иқтисодиёт субъекти мустақил ҳал қилмоқда..

Учинчидан,олдин товар олишда олдиндан тўлаш усули кам қўлланилар эди. Ишлаб чиқарувчи корхоналарга савдо корхоналари томонидан товарни сотиб пулини тўлашдек савдо хизмати кўрсатиларди. Энди эса, ҳар қандай товар учун олдин пули тўланиб, кейин сотиб олинадиган бўлди. Бу жараён ҳам бозор тизимидаги барча хўжалик юритувчи субъектларни молиявий жиҳатдан барқарор ва мустаҳкам бўлишини тақозо қилмоқда.

Тўртинчидан,мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзимиздаишлаб чиқарилган товарлар омборларда қолиб, четдан жуда кўп сифатсиз товарлар кириб келди ва улар ўзимизнинг товаримизни касодга учратди. Бу жараён товаримизнинг сифатсизлигидан ёки харидор талабидан ортиқчалигидан эмас, балки бозор муносабатлари шароитида фаолият кўрсатиш сир-асрорларини билмаслик оқибатида келиб чиққан эди. Бугунги кунда ҳар бир хўжалик юритувчи субъектларда маркетинг хизматлари яхши йўлга қўйилди. Улар сотиш бозорлари, талаб ва таклиф, харидорлар диди ва эҳтиёжларини чуқур ўрганган ҳолда ишлаб чиқармоқдалар.

Бешинчидан,бу юқорида қайд қилинган омиллар натижасида, ўзимизда ишлаб чиқарилган товарларнинг сотилмаслиги оқибатида жуда кўп ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорлар, корхона ва фирмалар ўз фаолиятини тухтатишга мажбур бўлган эдидилар. Бу эса, жуда кўп корхоналарнинг рақобатда бой берганлигидан эмас, балки бозор муносабатларига мослаша олмаганлиги натижасида инқирозга учраб, синиб кетишига сабаб бўлганди.

Бу ҳолатлардан кўриниб турибдики, бозор муносабатларининг тўлиқ амал қилиши учун эркин рақобатни таъминловчи жуда кўп тадбирларни амалга ошириш лозим бўлди. Муҳими,рақобатнинг шаклланиш шароитида масаланинг маънавий ахлоқий жиҳатлари инобатга олинмаган эди. Масалага бир ёқлама қаралиши натижасида ушбу масалада бироз қийинчиликлар ҳам юзага келди. Иқтисодиётда рақобат муҳитининг яратилиши ҳам бир мунча вақтни талаб қилди.

Корхоналар фаолиятида иқтисодий эркинликнинг таъминланиши эркин рақобат муҳитини шакллантиради. Бу учун эса корхоналарда давлат буюртмаси, уни бошқаришда ва назорат қилишда давлатнинг аралашуви кескин камаймоғи лозим. Бу борада жуда кўп ишлар қилинди ва давом этмоқда. Жуда кўп тадбирларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини кафолатловчи бир қанча қонунлар қабул қилинди. Жумладан, 2011 йил 14 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қабул қилиниши ҳамда 2011 йил 5 декабрда Сенат томонидан маъқулланиши ҳам шулар жумласидандир.

Бу қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг ҳаммаси мамлакатимизда рақобат муҳитини яратишга қаратилмоқда. Ҳақиқатда эркин рақобат муҳити яратилса, бу бир қанча муҳим қонуниятларни амалга оширади ва тартибга солади. Булар жумласига товарларнинг жойланиши, нархнинг маълум меъёр даражасига келиши, унинг доимий равишда ошиб боришига барҳам бериши, талабга қараб ҳудудлар бўйича жойланиши, ишлаб чиқариш ва сотиш ўртасидаги мутаносибликни назорат қилиниши кабиларни киритиш мумкин.

Лекин Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунида «рақобат» атамасига қуйидагича таъриф берилган. “Рақобат — хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди”. Мазкур таъриф, бир қарашда рақобат атамасининг мазмунини тўлиқ ифода этади. Аммо бизнинг фикримизча, уни янада такомиллаштириш бўйича имкониятлар мавжуд.

 Биринчидан, унда фақат “товар ёки молия бозоридаги товар муомаласи” назарда тутилмоқда. Ваҳоланки хўжалик юритувчи субъектлар нафақат булар билан чекланиб қолади, балки ўзфаолияти давомида иш бажаради ва турли хизматлар ҳам кўрсатади. Улар мазкур таърифда ўз ифодасини топмаган.

Иккинчидан, рақобатнинг асосий мақсади кўпроқ сотиш ва фойда олиш учун курашдан иборат, аммо мазкур таърифда ушбу муҳим жиҳат ҳам ўз аксини топмаган.

Учинчидан, мазкур таърифда келтирилган “умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди” деган иборалар ортиқча, деб ўйлаймиз. Кўриниб турибдики, қонунда кўрсатилган рақобатнинг таърифи ҳам такомиллаштиришни талаб қилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, рақобат атамасининг такомиллашган таърифини келтиришни мақсадга мувофиқ, деб топдик. Рақобат деганда, хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулот (иш хизмат)ларини кўпроқ сотиш, юқори фойда олиш ва нафлиликка эришиш учун иқтисодий манфаатларининг тўхнашишидабир хил иқтисодий эркинликнинг таъминланганлигитушунилади.

Рақобат атамасининг таърифини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Биринчидан, унининг мазмунида, хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулот (иш хизмат)ларини кўпроқ сотиш ўз аксини топган. Чунки рақобатда фаолият қандай бўлмасин, натижаси яхши бўлиши керак. Бу эса энг аввало, кўпроқ сотишда ўз аксини топади. 

Иккинчидан, юқори фойда олиш ва нафлиликка эришиш масаласи ҳам таърифда ўз ифодасини топган. Чунки, бозор муносабатлари шароитида ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект, мулк шаклидан қатъий назар, ўз фаолияти давомида маълум миқдорда фойда олиб турмаса бўлмайди. Зеро, иқтисодиёт субъектларининг барча ҳаракатлари айнан ушбу натижага эришишга қаратилганлигини унутмаслик керак.

Учинчидан, ушбу ҳолатларга эришиш учун ҳар бир иқтисодий субъект манфаатларига тўсиқ бўладиган омиллар барҳам топган бўлишлиги лозим. Бунинг учун уларнинг ҳар биригабир хил иқтисодий эркинлик таъминланган бўлиши лозим. Масаланинг бужиҳатлариҳаммуҳим бўлиб ҳисобланади. Шу туфайли ушбу таъриф нафақат назарий, балки муҳим амалий аҳамиятга ҳам эга.

Рақобатни амалга ошириш учун рақобат муҳити керак бўлади. Аммо рақобат муҳити ҳам ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди, балки у бир қанча босқичларни босиб ўтишига тўғри келади. Буларга биринчидан, мулклар хусусийлаштирилиб, “бизники”дан, “меники”га айланиши лозим бўлди. Натижада кўпмулкчиликка асосланган иқтисодиёт шаклланади. Иккинчидан, бу иқтисодиёт маъмурий буйруқбозлик исканжасидан қутилган бўлиши лозим эди. Бунга ҳам эришилда ва янада чуқурлашмоқда. Учинчидан, эркин фаолият учун барча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган ва улар амалиётга жорий қилинган бўлишлигини ҳам тақозо қилади. Бу борада ҳам тегишли мувоффақиятларни қўлга киритишга муваффақ бўлинди.

Мамлакатимизда бу борада барча босқичлар амалга оширилди, рақобат муҳити яратилди. Аммо “Рақобат тўғрисида”ги қонунда ушбу атаманинг таърифи келтирилмаган. Иқтисодиётга оид адабиётларда ҳам мазкур атаманинг таърифи деярли ёритилмаган. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб унга қуйидагича таъриф беришни мақсадга мувофиқ, деб топдик. Рақобат муҳити деганда,хўжалик юритувчи субъектларнинг, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий тенглигининг таъминланганлиги, табақаланмаган бир хил иқтисодий эркинликнинг жорий қилинганлиги, уларнинг фаолиятига турли маъмурий давлат идоралари аралашувининг бартараф қилинишига қаратилган қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар яратилганлиги ва уларнинг амал қилинаётганлиги тушунилади.

Мазкур таърифни назарий жиҳатдан қуйидагича асослаш мумкин.

Биринчидан, рақобат муҳитиасосан хўжалик юритувчи субъектларучун бўлганлиги туфайли, уларнингэътироф этилганлигини кўрамиз. Бунда мазкур субъектлар турли мулк шаклига асосланган бўлиши кераклиги ҳаммага аён.

Иккинчидан, мазкур хўжалик юритувчи субъектлар тизимида рақобат тадбиркорликка асосланган субъектлар ўртасида содир бўлишини инобатга олиб, тадбиркорлик субъектлари алоҳида қайд қилинди.

Учинчидан, ушбу субъектларнингҳуқуқий тенглигига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Чунки улар ҳуқуқий жиҳатдан тенг бўлмаса, ҳеч қандай эркин рақобат бўлиши мумкин эмас ва мос равишда рақобат муҳити яратилмаган бўлади.Шу туфайли таърифда субъектлар ҳуқуқий тенглигинингтаъминланганлигиэътироф этилган.

Тўртинчидан,улар учунтабақаланмаган бир хил иқтисодий эркинликнинг жорий қилинганлигиҳам муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Бу эса,ўз навбатида,уларнинг фаолиятига турли маъмурий давлат идоралари аралашувининг бартараф қилинишига қаратилганлигида намоён бўлади. Шу туфайли мазкур масалалар ҳам таърифда ўз ифодасини топган.

Бешинчидан, барча ҳолатлар маълум даражадақонунлар ва меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини тақозо қилади. Шу туфайли ушбу жараёнлар учун тегишли меъёрий ҳужжатлар яратилганлиги ва улар амалиётда қўлланилаётганбўлишлиги лозим.

Буларнинг ҳаммаси юқоридаги таърифда ўз ифодасини топган. Шу жиҳатдан мазкур таъриф ҳам назарий жиҳатдан асосланганлигидан далолат бериб турибди. Келажакда “Рақобат тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда ушбу масалалар ҳам инобатга олинса мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунида «рақобатга қарши харажатлар» атамаси келтирилган ва унинг қуйидагича таърифи ҳам берилган: “Рақобатга қарши ҳаракатлар — рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектлар учун ман этилган ҳаракатлар, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг рақобатни чеклашга қаратилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)”, дейилган.  Рақобат билан боғлиқ бўлган ушбу атаманинг таърифи ҳам диққатга сазовар. Чунки булар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан турли ғирром йўллар билан бошқалардан устунликка эришиш учун қилинган харажатларидир. Бу ҳолатнинг мавжудлиги ҳар бир хўжалик юритувчи субъектларни маълум даражада ҳушёрликка чақиради.

Шу билан бирга мазкур таърифда ҳам айрим такомиллашишни талаб қиладиган жиҳатлар мавжуд. Хусусан, таърифда “рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектлар учун ман этилган ҳаракатлар”, деб ёзилган. Бироқ қонунда бундай харажатлар рўйхати келтирилмаган. Шу туфайли ушбу иборани “хўжалик юритувчи субъектлар учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган ноқонуний ҳаракатлар”, деб кўрсатилиши мақсадга мувофиқ. У ҳолда мазкур таърифни такомиллашган ҳолда қуйидагича ифодалаш мумкин. “Рақобатга қарши ҳаракатлар деганда, хўжалик юритувчи субъектлар учун кўзда тутилмаган ноқонуний ҳаракатлар, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг рақобатни чеклашга қаратилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) тушунилади”, деган таъриф маъқул бўлади, деб ўйлаймиз.

Хулоса қилиб айтганда рақобат ва у билан боғлиқ бўлган айрим тушунчалар бўйича уларнинг назарий жиҳатдан асосланган ва такомиллашган таърифига эга бўлинди. Уларнинг амалиётда ва янги авлод ўқув адабиётларида қўлланилиши мазкур масаланинг мазмунини очиб беришда тегишли аниқликларни қўлга киритиш учун назарий асос бўлади, деб ўйлаймиз.

Мамаюнус  Пардаев,

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори

(“Туркистон-пресс”).