2018-12-10 19:03:00

КОНСТИТУЦИЯ — БАХТИМИЗ ҚОМУСИ

Юртимизда ҳар йили 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур санага бағишлаб жойларда кенг қамровли тадбирлар ўтказиш анъанага айланган.

Конституция - ҳар бир давлатнинг қонунлар мажмуаси ҳисобланиб,  бу йил Асосий қонунимизнинг  қабул қилинганига 26 йил тўлди. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши тасарруфидаги вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида “Конституция —бахтимиз қомуси” деб номланган маънавият кечаси ўтказилди.

Тадбирда қатнашган Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалининг Гуманитар ва ижтимоий фанлар кафедраси мудири, доцент Ирода Ҳажиева Конституция сўзининг таърифи, бунинг баробарида, Ўзбекистон Республикаси Бош Қомусининг қабул қилиниши тарихи, унинг ҳаётимизда тутган ўрни, мазмун ва моҳияти  ҳақида атрофлича маъруза қилди.

Хар томонлама фойдали ва мазмунан бой кечган учрашув  якунида тадбир  қатнашчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди.

 

                                                                       Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”