2018-12-11 15:18:20

ФУҚАРО МУРОЖААТИ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги  “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг қарори билан шаҳар ҳудуди секторлар кесимида 4 та раҳбарга бириктирилган. Шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов 1-ҳудудга раҳбарлик қилади. Сектор штаби компьютер жамланмаси, факс, стол стул, шкаф каби барча жиҳозлар ва керакли ускуналар билан таъминланган. Штабда сектор раҳбарининг фуқароларни қабул қилиш ҳамда сектор аъзоларининг дам олиш хоналари, тиббиёт хонаси, қабулга келган фуқаролар учун кутиш зали ташкил қилинган. Мухбиримиз шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов билан сектор ҳудудида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

- Суҳбатимизни секторда ишнинг қандай услубда ташкил этилаётганлиги ҳақида бошласак.

Сектор аъзоларининг йиғилишлари белгиланган режа асосида ўтказилади. Уларда фуқаролардан тушган таклифлар, жойлардаги энг муҳим ҳолатларни ўрганишга биринчи галда эътибор қаратилади. Сектор аъзоларининг ташаббусларига кўра кейинги давр мобайнида амалга ошириладиган ишлар режалаштирилади. Бу эса ўз навбатида сектор аъзоларининг эркин ва ижодий фикр юритишларига, фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик асосида ишлаш имкониятини беради. Секторда ҳар бир маҳалла бўйича фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш китоби юритилганлиги ишимизга ижобий жиҳатдан таъсир ўтказаяпти. Бу ерда сектор аъзоларидан иборат таркибда навбатчилик ташкил этиляпти. Фуқароларни секторда қабул қилиш амалиёти жорий этилган. Секторда фуқаролардан тушган мурожаатлар, муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш учун хизмат кўрсатувчи соҳаларнинг алоҳида навбатчилик ва телефон алоқаси ўрнатилган.

- Сектор ҳудудидаги ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятлари бўлса керак. Бу масала нималарда намоён бўлаяпти?

- Маҳаллаларнинг географик  жойлашуви, шарт-шароитлари, албатта, бир-бирига ўхшамайди. Айнан шу жиҳатлар ўрганилган ҳолда  “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Бунда, энг  аввало, маҳалладаги намунали оилалар, зиёли инсонлар маҳалла ҳудудида яшовчи корхона, ташкилот муассаса раҳбарлари, депутатлар, обрў-эътиборга эга нуроний отахон ва онахонлар маслаҳатларига таянилди. Улар маҳалладаги нотинч, ноқобил оилаларга бириктирилди. Шунингдек, маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган ёки ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаролар билан алоҳида суҳбат ўтказиш йўлга қўйилди. Уларнинг белгиланган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишлари учун имконият яратилди. Маҳалладаги саховатпеша тадбиркорлар бундай инсонларга ўз ихтиёрлари билан ҳомий сифатида бириктирилди. Бу борада жамоатчилик ташаббусининг йўлга қўйилиши ижобий самарасини бермоқда.

- Шаҳар осойишталигини, фуқаролар тинчлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз?

- Кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш максадида маҳаллаларга кириш жойларида жамоатчилик назорат масканлари ўрнатилиб, тунги навбатчиликлар йўлга қўйилди. Ўзга юртларга узоқ муддатга чиқиб кетган фуқароларнинг алоҳида ҳисоби юритилиб, уларнинг чет элда нима билан машғуллиги, ўз оиласи билан алоқаси, яшаш ва ишлаш шароитлари сектор томонидан ўрганилиб борилмоқда. Оилада вояга етмаганларнинг яшаш шароити, ўз вақтида васийлик ва ҳомийликнинг белгиланиши доимий равишда назоратга олинаяпти. Шунингдек, чет элдан қайтган фуқароларни биринчи навбатда тиббий кўрикдан ўтишлари, уларни шаҳарда иш билан таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиб борилмокда. Маҳаллада жиноят содир этган ёки жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган фуқароларнинг муҳитга, ҳаётга мослашуви, ўз ҳаётини тўғри ташкил этишлари, жамоатчилик учун хавф-хатар келтириб чиқармаслик ҳолатлари катъий назоратга олинган. Маҳаллаларда белгиланган режа асосида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказилиб, шу мавзудаги видеороликлар намойиши ташкил этилмоқда. Уюшмаган ёшлар ҳисоби алоҳида юритилиб, уларни иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз ўринларини топишда мутахассис ходимларнинг маслаҳат ва тавсиялари, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича турли тадбирлар уюштириб келинмоқда. 

 - Аҳоли мурожаатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз?

- Бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида, мен раҳбарлик қилаётган сектор ҳудудида ҳам кўпгина эзгу ишлар қилинмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш масалаларининг қай даражадалиги билан доимий равишда қизиқамиз. Секторнинг ҳар бир аъзоси ҳар куни бундай тоифадаги оилалар, одамлар билан учрашади. Учрашувлар давомида суҳбатдошини қийнаётган муаммоларни аниқлашга ҳаракат қилади. Мурожаат билан келган фуқаролар дарду ҳолини диққат билан тинглайди.

Яқинда “Ғарб  мачит”маҳалласида яшовчи бир неча фуқаро бизга мурожаат билан келди.  Улар билан суҳбатда маълум бўлдики, бу фуқаролар ижтимоий кўмакка муҳтож бўлиб, ўз дардларини сектордагиларга баён этишга аҳд қилишган экан. Маҳалла билан келишилган ҳолда уларга моддий жиҳатдан кўмак бериладиган бўлди. Иккита кам таъминланган оилага совға-саломлар ташкил этилди.  Эҳтиёжманд фуқаро С.Баҳромова  оиласига  12  турдаги  озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди.  Фуқаро  Н.Умаровага  моддий  ёрдам тайинланди. М.Хоразмий кўчасидаги 48\8  уйда яшовчи  фуқаро  Г.Ҳасановага  маҳалла  томонидан   моддий  ёрдам  кўрсатилди. Иккинчи гуруҳ  ногирони Ш.Шодиев   уй-жой  билан таъминланди.

Кўҳнадам  маҳалла фуқаролар йиғини ахолиси айрим кўчаларни ёритиш масаласи кўнгилдагидек эмаслиги, оқибатда турли қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида мурожаат қилди. Сектор аъзолари муаммони жойида ўрганишди. Бугун эса маҳалла  ҳудудидаги У.Барноев кўчасига ёритгичлар  қўйилди.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи

С.Қиличев, И.Файзиев, Х.Холмўминова,  С.Пардаева, А.Салойдинова каби фуқаролар мурожаати ҳам изсиз қолмади. “Ўрикзор”   маҳалласидаяшовчи  фуқаро  И.Лочиновага   уй-жой  ҳужжатлари  расмийлаштириб  берилди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчилар Д.Умарова ва     Б.Абдураззоқовага   уй-жой  берилди. Ногиронлиги бўлган  фуқаро  С.Каримовага  ногиронлик  аравачаси  ажратилди.

“Дамариқ”, “Оқ  олтин”, “Чордара”,  “Навбаҳор”, “Ермачит“,  Қўшҳовуз “ каби маҳаллалар фуқаролари томонидан ҳам бир қатор оғзаки ва ёзма мурожаатлар тушди. Уларнингбирортаси эътиборсиз қолдирилмади. Жойларда фуқаролар билан учрашувларда сектор манзилини, сектор аъзолари телефон рақамларини эслатиб, уларни мулоқотга чорлаяпмиз.

“Туркистон-пресс” мухбири

Актамжон БЕРДОНОВ

ёзиб олди.