2018-12-11 17:08:30

ТОШКЕНТДА ХАЛҚАРО МУЛЬТИМЕДИА ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Тошкентда 10 декабрь куни “Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича лойиҳалар“ 2018 йил якунлари. 2019 йил “Йўл харитаси“ халқаро мультимедиа форуми бошланди.

Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган халқаро тадбирда АҚШ, Россия, Германия, Япония, Ҳиндистон, Чехия, Польша каби мамлакатлардан келган олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, экспертлар иштирок этди.

Форум аввалида Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг доимий кўргазмаси очилди. Ундан “Ўзбекистон архитектура эпиграфикаси”нинг 13 жилдли, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” нашрининг 10 жилдли туркумлари, “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Зафарнома”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Поклик боғи” қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари жой олган.

Мазкур экспонатлар мамлакатимиз маданий меросида қимматли ўрин тутади. Айниқса, “Катта Лангар Қуръони” бебаҳо ва қадимийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Маълумотларга кўра, ушбу қўлёзма VIII аср ўрталарида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган. “Катта Лангар Қуръони”нинг бизгача етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида, 16 саҳифаси эса Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида сақланади.

Халқаро форумнинг очилишида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Мария дель Пилар Альварез Ласо юртимизда бой маданий меросни асраш ва ўрганиш, халқимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Бу борадаги ишларнинг жамғарма томонидан мамнуният билан қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

– Ўзбекистон ва Марказий Осиё маданий мероси худди уммондаги муз тоғига ўхшайди, – дейди Америка ташқи сиёсати кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси Фредерик Старр. – Бу мероснинг фақат бир қисмигина бизга маълум. Қолгани сирли уммон қаъридаги яширин бир хазина.

Мамлакатимиз маънавий-маданий меросига оид битиклар, қўлёзмалар Москва, Санкт-Петербург, Лондон, Париж, Венеция, Берлин, Теҳрон, Истанбул каби кўплаб шаҳарлар кутубхоналари ва музейларида ҳам сақланмоқда. Ушбу тарихий бойликни тадқиқ қилиш, уни қайта кашф қилиш ишлари “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” медиа-лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Келаси йил медиа-лойиҳанинг “Ўзбекистон маданий мероси Буюк Британия музейларида”, “Ўзбекистон маданий мероси Польша музейларида”, “Давлат Эрмитажи. 3-қисм”, “Ўзбекистон маданий мероси Ҳиндистон музейларида” каби навбатдаги жилдлари нашрга тайёрланади.

Халқаро анжуман сессия мажлисида мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар иштирокида Самарқанднинг тарихий-маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Шу куни анжуман доирасида “Ижтимоий медиа маҳсулотлар“ Х миллий фестивали ўтказилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов сўзга чиқди.

Фото: ЎзА.