2018-12-11 17:26:21

ТОШКЕНТДАН ТУРКИСТОН ШАҲРИГА АВТОБУС ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро йўналишлардаги автобуслар қатнови яна биттага кўпайди. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан йўлга чиққан автобус Тошкент автовокзалига етиб келди. Бу ҳақда “Газета.uz” сайти Ўзбекистон автомобиль таранспорти агентлиги матбуот хизмати хабарига таяниб маълумот берди.

«Туркистон — Тошкент — Туркистон» халқаро автобус йўналиши масофаси 335 км бўлиб, йўналишга сарфланадиган вақт 6 соат 40 дақиқани ташкил этади. Йўналиш ҳаракат жадвали бўйича Қозоғистон Республикасининг «Жибек жоли» ва Ўзбекистон Республикасининг «Ғишт кўприк» чегара масканлари орқали ўтилади. Мазкур халқаро автобус йўналишида Ўзбекистон томондан «Ўзавтотранс сервис» МЧЖ ва Қозоғистон Республикаси томонидан «Бақдаулет Сервис» компанияси фаолият кўрсатади.

Ушбу йўналишда қатновларни ҳар куни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Йўналиш бўйича йўл хақи тарифи Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида 50 000 сўм, Қозоғистон пул бирлигида 2000 тенге этиб белгиланган.

Айни дамда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро автобус йўналишларида автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёни устувор тартибда амалга оширилади. Бу эса йўловчилар учун муҳим ва аҳамиятли ҳоллардан биридир. Йўловчилар чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.

Йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус жиддий техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Автобусларнинг санитар ҳолати ҳам назорат остида. Қолаверса, ушбу автобуслар ГПС навигация тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу автотранспорт воситасини тўлиқ назорат этиш имконини беради. Мазкур йўналишларда энг сўнгги русумдаги замонавий автобусларда йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.

“Туркистон-пресс”