2018-12-12 17:38:56

ҚАРШИДА ЗАМОНАВИЙ ТЕЛЕВИЗОРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛА БОШЛАНДИ

“Biss electronics system” МЧЖ томонидан тайёрлана бошланган плазма экранли телевизорлар аҳоли эҳтиёжларига мослиги, ҳамёнбоплиги ва сифати билан ажралиб туради.

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ўтган йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг маиший техникалар билан таъминланганлиги турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, бу борада қилиниши зарур бўлган вазифалар юзасидан кўрсатмалар берган эди.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги қарори асосида “Biss electronics system” МЧЖ томонидан Қарши шаҳрида умумий қиймати 2 миллиард сўмлик лойиҳа рўёбга чиқарилди. Йилига 25 минг дона телевизор тайёрлаш қувватига эга бўлган корхонада янги лойиҳа ҳисобига 40 га яқин иш ўринлари яратилди. 

— Бу ерда йиғилган телевизорларни тест синовларидан ўтказамиз, — дейди цех ишчиси Зуҳриддин Зокиров. — Ишлаб чиқариш технологияси ва тест синовларини ўргандик. Шундай корхонада меҳнат қилаётганимдан жуда хурсандман. Оила аъзоларим ҳам беҳад мамнун. 

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида маҳсулотларни тайёрлаш, аввало, ички бозорни тўлдириш, қолаверса, дунё бозорига чиқишни вазифа қилиб олган “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компания¬си ва “Biss electronics system” масъ-улияти чекланган жамияти томонидан шу кунга қадар 8000 дона телевизор ¬ишлаб чиқарилди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида янги корхонамизда замонавий телевизорлар тайёрлашни йўлга қўйганимиз, энг аввало, аҳолининг маиший техникага бўлган ¬эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади, — дейди корхона раҳбари Сардор Гайбуллаев. — Маҳсулотларимизга ҳозирданоқ талаб кўпаймоқда. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, ¬маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ниятимиз ҳам бор. Кондиционер тайёрлаш лойиҳаси шулар жумласидандир.

Хорижнинг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган ушбу корхонада айни пайтда лойиҳанинг кейинги ¬босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бунда, асосан, импорт ўрнини босувчи тайёр ¬маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни янада арзон ва юқори сифатли маиший техника воситалари билан тўлдириш назарда тутилаётир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Фото: Собир НАРЗИЕВ