2018-12-12 17:48:03

УМИД АҲМАДЖОНОВ ДОҲАДА БЎЛИБ ЎТАЁТГАН FIFA САММИТИДА ҚАТНАШМОҚДА

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов FIFA саммитида қатнашиш учун Қатар мамлакатига жўнаб кетгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бугун Доҳа шаҳрида саммиттнинг асосий сессиялари бошланди. Унда FIFAга аъзо 5 та конфедерациядан 50 та мамлакат вакиллари орасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этмоқда.

Саммит давомида FIFA томонидан ташкил этилаётган мусобақаларга тайёргарлик жараёни, бу борада юзага келаётган муаммолар муҳокама қилиниб, ташкилий қўмита ҳисоботлари тингланяпти. Шунингдек, FIFAга аъзо футбол ассоциацияларини «FIFA Forward» дастури асосида молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. «FIFA Forward» дастури асосида аъзо мамлакатлар футбол ассоциациялари футбол инфратузилмасини яхшилаш, сунъий ва табиий қопламали майдонлар барпо қилиш ва уларни реконструкция қилиш, болалар ва аёллар футболини ривожлантириш ҳамда бошқа кўплаб шу каби йўналишлар бўйича молиявий ёрдам олишлари мумкин.

Бундан ташқари, саммит сессияларида FIFA таснифи остида ўтаётган мусобақаларда VAR тизимини йўлга қўйиш, бу тизимни ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар кўриб чиқилади.

Қатарда бўлиб ўтаётган FIFA саммити 13 декабрь куни ўз якунига етади.

 “Туркистон-пресс”