2018-12-13 16:24:13

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ ҚЎМИТАЛАРИНИНГ МАЖЛИСЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

2018 йил 12 декабрь куни Сенат қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати хабар берди.

Хусусан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида  сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган энг муҳим молиявий ҳужжати Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида» 2018 йил 29 июндаги Фармонида кўзда тутилган ўзгаришлар асосида ишлаб чиқилган.

Таъкидланганидек, солиқ тизимига киритилаётган бу каби ўзгаришлар аввало мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётга солиқ юқини камайтириш, Давлат бюджетининг барқарорлигини оширишга хизмат қилади.  Шу билан бирга солиқа тортишнинг умумий тизими бўйича тўловларни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки борасидаги номутаносиблик бартараф этилади.

Умуман, ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар пировардида мамлакатимиз инвестицион жозибадорлигини ошириш, аҳоли реал даромадларини юксалтириш, унинг фаровонлиги таъминлашга ҳисса қўшиши йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди. Мажлисда қўмита аъзолари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, тегишли ташкилот ва идоралар мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳар бир йигит-қизнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши, ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришига  қаратилган дастур ва лойиҳалар татбиқ этилаётганлиги билан изоҳланади. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантириш, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, уларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида  муайян ишлар амалга оширилган.

Қонуннинг 5-моддасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторида ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш белгилаб қўйилган. Унга  мувофиқ  йигит-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида турли оммавий спорт тадбирлари, спорт фестиваллари, маҳорат сабоқлари, кўргазмали чиқишлар, спорт ҳафталиклари, очиқ эшиклар кунлари ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, спорт турлари бўйича 2018 йил учун тасдиқланган оммавий спорт тадбирлари ва республика даражасидаги мусобақалар календарь режасига мувофиқ жорий йилнинг ноябрь ойига қадар

жами 84018 та спорт мусобақаси ташкил этилди, улар  туман, шаҳар, вилоят ва  республика миқёсида ўтказилган. Беллашувларнинг ғолиблари йигит-қизлардаги интилишни рағбатлантириш мақсадида муносиб тақдирланган. Қолаверса, бу каби мусобақаларни ўтказиш орқали миллий терма жамоа аъзолари таркибига кўплаб ёш иқтидорли спортчилар саралаб олинган.

Мажлисда таъкидланганидек, ўрганишлар давомида ютуқлар қатори камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, спорт йўналишидаги таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди. Масалан республикадаги 15 та ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернатини кейинги икки йилда жами 3216 нафар спортчи тамомлаган. Улардан 1984  нафари иш билан таъминланган, 785  нафари юртимиздаги олий таълим муассасаларида, 95 нафари хориждаги олий таълим муссасаларида ўқишни давом эттираётган бўлса, 256 нафари иш ёки ўқиш билан таъминланмаган. Мамлакатимизда спорт соҳасидаги кадрларга эҳтиёж мавжудлиги инобатга олинса, битирувчиларнинг кейинги тақдири юзасидан мониторинг ишлари самарали ташкил этилмагани ойдинлашади.

Вазирлик томонидан профессионал спортчилар билан ишлашда самарали тизим йўлга қўйилган бўлса-да, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаган.

Жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш, таълим муассасаларидаги спорт залларида ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Қолаверса, вазирлик тизимида давлат-хусусий шериклик ҳамкорлиги юзасидан амалга оширилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.

Мажлисда ўрганиш давомида аниқланган качиликларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди, шунингдек муҳокама этилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси доирасида “Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: амалиёт ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилди. Тадбирда Сенат аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш долзарб муаммолардан бири сифатида кун тартибига қўйилди. Шу боис автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзавтотранс” агентлиги ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ташкилий ҳамда амалий ишлар амалга оширилиб келинган.

Биргаликда олиб борилган тизимли ва изчил ишлар натижасида 2018 йилнинг 9 ойи давомида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан республика худудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 9,7 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар сони 7,8 фоизга, жароҳатланганлар сони 12,2 фоизга  камайган.

Бироқ, эришилган натижаларга қониқиб бўлмаслиги анжуманда алоҳида таъкидланди. Бу йўналишдаги фаолиятни кучайтириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиш омиллари ва бунга имкон яратаётган шарт-шароитлар аниқланиб, уларга барҳам бериш борасида Бош прокурор ва ички ишлар вазири томонидан 2018 йил 28 августда қўшма фармойиш имзоланди. Унга кўра ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган 2018-2022 йилларда Узбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижроси ва соҳага алоқадор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганилди. Бу жараёнда айниқса  автотраспорт воситаларининг техник ҳолатига, бу борада ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилинишига алоҳида аҳамият берилди. Таъкидланганидек, 2017 йил ва жорий йилнинг 9 ойида жами 700 минга яқин автотранспорт воситаси мажбурий техник кўрикдан ўтмаган. Ваҳоланки, йўлда рўй берган, бир қарашда арзимасдек туюлган носозлик нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлиги барчага маълум. Шу муносабат билан тадбирда автоулов эгалари ва ҳайдовчиларининг масъулиятини ошириш, зарур бўлса бу борада тегишли қоидаларга ўзгартиш киритиш лозимлиги уқтирилди.

Йўл ҳаракатининг барча иштирокчиларининг масъулияти, аниқроғи йўлда ҳаракатланиш маданиятини ошириш анжуманда аниқ фактлар асосида муҳокама этилган яна бир мавзу бўлди. Мамлакатимизда гавжум жойларда ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш йўлаклари қурилган бўлишига қарамай, айрим масъулиятсиз фуқароларнинг белгиланмаган жойлардан ўтиши оқибатида ҳам турли ҳодисалар рўй бераётгани таъкидланди. Шу муносабат билан фуқароларга нисбатан қўйилаётган талабларни ҳам кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар хусусида сўз юритилар экан, анжуманда айрим ҳудудларда ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқариш каби қоидабузарликларнинг кўпайиши оқибатида Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Андижон каби қатор вилоятларда нохуш воқеалар кўпайгани қайд этилди. Шу муносабат билан айтиб ўтилган вилоятларда ва умуман республикамиз ҳудудида  транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш ишларининг  самарасини ошириш, айниқса умумий фойдаланиладиган халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларида хизмат ўтаётган ходимларнинг масъулиятини янада ошириш зарурлиги билдирилди. Шунингдек, барча мавжуд йўл белгиларини замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларига алмаштириш, халқаро ва давлат аҳамиятдаги автомобил йўлларига йўл қатнов қисмини иккига ажратиб турувчи бетон ва темир тўсиқларни ўрнатиш ишларини давом эттириш чораларини кучайтириш зарурати таъкидланди.

Барча кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Мажлисда Қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, жамиятимизнинг имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг доимий диққат марказида турган масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.

Сўнгги икки йил мобайнида имконияти чекланган инсонларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди, олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Бироқ, олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, мамлакатимиз таълим соҳасида ушбу йўналишда қатор камчилик ва муамолар ҳамон ечимини кутмоқда. Хусусан, республика бўйича 9628 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган имконияти чекланган ўқувчилар тўғрисида статистик маълумотлар Халқ таълими вазирлиги томонидан юритилмайди. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларнинг ногиронлик турлари ва гуруҳидан келиб чиқиб, таълим бериш усулларини кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш имкониятини чекламоқда.

Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни сифатли ташкил этилмаяпти. Ўқитувчиларга белгиланган тартибда қўшимча ҳақ ва йўл ҳақи компенсацияси тўланса-да, ногирон боланинг уйига бориб доим ҳам дарс ўтилмаяпти. Мактаб директорлари, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар  “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ риоя этмаяпти.

Қолаверса, уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчиларни зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилмаган. Бундай шаклда таълим олган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотлар юритилмаслиги уйдаги таълимининг сифат даражасини аниқлаш имконини бермаяпти.

Мажлисда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг моддий-техник таъминоти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бу борадаги ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Зарур асбоб-ускуналар ва эшитиш мосламаларининг чет элдан қиммат нархларда келтирилиши, бундай ускуналарни ишлаб чиқаришнинг мамлакатимизда йўлга қўйилмаганлиги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш имконини бермаяпти. Бу йўналишда мутасаддилар томонидан маҳаллийлаштириш дастурларига тегишли бандлар киритилса ва уларнинг ижроси таъминланса,  кўплаб муаммолар ҳал этилиши мумкинлиги  қайд этилди.

Шунингдек, мажлисда Олий ва ўрта махсус таълими вазирининг ҳамда Халқ таълими вазири ўринбосарининг муҳокама этилаётган масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлисда ўрганиш давомида аниқланган камчиликларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди.

Мажлис якуни бўйича Қўмита қарори қабул қилиниб, унда муҳокама этилган масала юзасидан Бош вазирнинг ўринбосари А.Абдухакимовга парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати