2018-12-14 14:05:04

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ: ИМКОНИЯТЛАР ИШГА СОЛИНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони  ҳамда 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигини фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим муассасалари тизими олдига муҳим вазифалар қўйди.  Айниқса, бу муҳим ҳужжатлар олис ҳуддудлардаги бундай муассасалар ишини жонлантириш, улар моддий-техник таъминотини яхшилаш, кадрлар борасидаги муаммоларни ҳал этишдаги имкониятларни оширди. Асосий ҳудуди бепоён дашту далалардан иборат бўлган Қўшработ туманида ҳам  мактабгача таълим бўлим тизимида кўплаб муаммолар тўпланиб қолганди.

— Бизнинг шароитимизда бундай мураккаб масалаларни ҳал этишнинг ўзи бўлмайди, — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Шавкат Қўшбоқов. — Бир-биридан, туман марказидан анча олисда жойлашган муассасалар ишини назорат қилиш, уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг ўзи мушкул ҳол эди. Мамлакатимиз Президенти томонидан соҳага жиддий эътибор қаратилиши эса муаммоларимиз ечимининг топилишига, уларнинг ҳал этилиши сари йўл очди.

Айни пайтда бўлимимиз тасарруфида 16 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Туманда 3-7 ёшли болалар сони 11797 нафарни ташкил этади. Уларнинг атиги 1305 нафари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бошқаларининг ҳам боғчага боргиси келади, ота-оналари бундай имкониятга эга бўлишни исташади.

Тўғри, бундай хоҳиш ва истакларнинг амалга ошиши йўлида дадил одим ташланди. Бутун мамлакат бўйлаб барча имкониятлардан фойдаланилган ҳолда болажонлар учун қулай шароитлар яратила бошланди. Бугун туманнинг энг узоқ қишлоқларида ҳам болалар боғчалари барпо этишга киришилаётгани қувончли ҳолдир.

2018 йилда инвестиция дастурига асосан Пангат МФЙда жойлашган 6- МТМ ҳамда Қўролос МФЙда жойлашган 5-МТМ қайта қурилди. Уларнинг ҳар иккаласи яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Шунингдек, давлат хусусий шерикчилик асосида  3 нодавлат мактабгача таълим муассасалари қурилмоқда. Лекин ҳали тумандаги бир қанча  МТМлар капитал ва жорий таъмирлашга муҳтож. Мактабгача таълим муассасаларининг аксарий қисмида тиббий ускуналар билан таъминланиш даражаси қониқарли эмас. Кўплаб олис қишлоқларда янги мактабгача таълим муассасаларига эҳтиёж катта.

 Туман мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Энг яхши инновацион ғоя муаллифи” кўрик-танловини доимий равишда ўтказиш йўлга қўйилгани ибратли ҳолдир. Шунингдек, 5-6 ёшли тарбияланувчилари ўртасида “Инглиз тили билимдонлари” танлови, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Зумрадойлар давраси” интеллектуал мусобақалари муттасил ўтказиб борилади. “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг йўлга қўйилиши МТМ мудирасидан тортиб, боғчанинг энг кичик ходимига, ҳатто, болажонларга ҳам ҳудудни тоза тутиш, озодалик, орасталикка интилиш борасида масъулият юкламоқда.

Хуллас, Қўшработдаги мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилаётган амалий ишлардан кўнгил тўлади. Бу эса туманда бу соҳага жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири.