2018-12-14 15:03:27

ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИГА ЭЪТИБОР ОШМОҚДА

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган эътибор аҳоли манфаатларининг янада мустаҳкамланишида ҳамда соҳада мавжуд муаммоларнинг олдини олинишида хизмат қилади. Юртимизда бу борада қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда соҳа билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 50 дан ортиқ қарор ва фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлари имзоланди. Қабул қилинган ҳар бир меъёрий ҳужжатдан асосий мақсад аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, оналик ва болаликнинг муҳофазаси учун шароитлар кўламини кенгайтириш, патронаж фаолиятига эътиборни кучайтиришдир.

Жорий йилнинг 7 декабрь санасида мамлакат раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда  соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммоларни олдини олиш, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ўтган вақт мобайнида қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларни ташкил этиш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилди. Жумладан, Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳам бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Жами 159 минг 752 нафар туман аҳолисига 22 та даволаш профилактика муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда. Шулардан 12 та қишлоқ врачлик пунктлари, 8 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 1 та марказий касалхона фуқаролар учун хизмат кўрсатиб келмоқда.  Аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Бирламчи, шошилинч, тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, кадрлар салоҳияти, хусусий ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимида олиб борилаётган ишлар ўзининг амалий натижасини кўрсатиб келмоқда. Туманда мавжуд ҚВПларни оптималлаштириш натижасида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Оилавий поликлиникаларда 6 турдаги тор соҳа мутахассислари — терапевт, педиатр, хирург, акушер-гинеколог, стоматолог ва УТТ матахассиси, шунингдек, 8 та тез тиббий ёрдам шаҳобчалари ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Қабул қилинган ушбу фармонда айнан сифатли мутахассислар  билан таъминлаш, бошқарув ходимларини тайёрлаш масалаларга эътибор қаратилар экан, албатта, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, патронаж ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлиги фуқароларнинг ихтисослашган тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишининг кўпайишига сабаб бўлаётганлиги ҳам алоҳида эътибор зарурлиги таъкидланган. Ҳам депутат, ҳам туман тиббиёт бирлашмасининг раҳбари сифатида айтиб ўтадиган бўлсам, тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида аҳоли тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида яна 3 та тез тиббий ёрдам қўшимча бригадаси (Ҳар 13 минг аҳолига битта) ташкил этилди, шундан биттаси реанимацион бригада ҳисобланади. Бу бригадани ташкил этишдан мақсад аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдамнинг сифатини амалий жиҳатдан кўрсатишдир. Шунингдек,  тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, патронаж хизмати ва диспансеризациянинг самарали моделларини яратиш орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва касалликларни профилактика қилишга эътибор қаратилар экан, шубҳасиз, туман тез тиббий ёрдам хизматидаги 12 та тез тиббий ёрдам санитар автомашиналарига GPS-кузатиш аппаратлари ўрнатилди, бунинг натижасида диспечерлик хизматида санитар автомашиналарининг назорати олиб борилмоқда.

Тиббиётда фармацевтика тармоғини ривожлантириш масаласи ҳам энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Фармонда ушбу соҳани такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми, турларини кенгайтиришга қаратилган эътибор аҳоли учун дори-дармон воситаларини сифатли етказилишини таъминлайди. Туманимиз миқёсида таҳлил қиладиган бўлсак, умумтармоқ бригадаларида 36 хил ҳамда махсус бригадаларда 41 хилдаги дори-дармонни доимий бўлиши имконияти яратилди. Фуқаролар учун берилаётган бу шарорит уларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Айниқса,  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини ташкил этилиши билан боғлиқ вазифанинг белгилаб қўйилганлиги эса ҳар бир тиббиёт ходимининг фаолиятига нисбатан эътиборини кучайтиради ҳамда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Фармонда белгилаб қўйилган ҳар бир вазифа тиббиётчилар учун масъулият ҳиссини орттирар экан, албатта, фуқароларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг тиббий хизмат сифатидан унумли фойдаланиши учун шароитлар кўламини кенгайтиришига хизмат қилади.

Маҳмуд Набиев,

Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати,

Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари

(“Туркистон-пресс”).