2018-12-14 16:33:11

СПОРТЧИЛАРИМИЗНИНГ МУНОСИБ ЎРНИ БОР

Тайлоқ олимпия заҳиралари коллежининг бугун нафақат Самарқандда, балки бутун республикада ўз ўрни бор. Бу масканда тарбияланаётган ёшлар эндиликда коллеж довруғини жаҳон спорт майдонларида таратмоқда. Улар кўплаб мусобақаларда ғолибликни эгаллаб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришмоқда. Коллеж директори Баҳодир Бердиқулов ўқув маскани спортчиларининг кейинги йилларда эришаётган ютуқлари ҳақида гапириб берди:

—Мақтаниш эмасу, эришилаётган ютуқларимиз кўп. Қувонарлиси, кейинги йилларда республика, ҳатто Осиё ва жаҳон мусобақаларининг аксарияти бизнинг спортчиларимиз иштирокисиз ўтаётгани йўқ. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бундай мусобақаларда спортчиларимиз мамлакат терма жамоаси вакили сифатида майдонга тушишаяпти.

Индонезиянинг Палембанг ва Жакарта шаҳарларида шу йилнинг ёзида  бўлиб ўтган 18-Осиё ўйинлари спорт мусобақаларида Тайлоқ ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб-интернатининг бир қатор мураббийлари ва битирувчилари муваффақиятли қатнашдилар. Мусобақада 12 нафар спортчимиз қатнашиб, 10 та медални қўлга киритди.

Ўсмирлар ўртасида Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтказилган III-олимпия ўйинларига биргина академик эшкак эшиш спорт туридан Ўзбекистон бўйича олинган 2 та лицензиянинг биттаси Тайлоқ олимпия заҳиралари коллежи 2-курс ўқувчиси Давиржон Давроновга тегишли эди.  У ушбу мусобақада маррага тўртинчи бўлиб келди.Шу ўринда коллеж академик эшкак эшиш бўлими бош мураббийи Д.Шукуровнинг академик эшкак эшиш спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоасига мураббийлик қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Курашчи қизимиз Шоҳида Аҳмедова эса олимпиаданинг кумуш медалига сазавор бўлди.

Бугун коллежимиз спортчилари, устозлари, бутун жамоамиз мазкур олимпиадада қўлга киритилган ютуқлардан илҳомланган ҳолда олдинда турган бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарликни кучайтиришмоқда. Тўғри, бундай ғалабаларга биринчи бор эришаётганимз йўқ. Аммо жаҳон майдонларидаги, айниқса, олимпиададаги ғалабанинг гашти ўзгача.

Спортчиларимиз шу йилнинг13-15 апрель кунлари Италия давлатининг Пьедилуко шаҳрида академик эшкак эшиш спорт тури бўйича ўтказилган халқаро турнирда ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди. Аниқроғи, 28 давлат вакили иштирок этган бу мусобақада Ўзбекистондан 22 нафар спортчи қатнашди.

Коллежимиз битирувчилари М-8+  бошқарувда 3-ўринни эгаллашди. Бунда беш нафар битирувчи ўқувчиларимиздан Зафар Усмонов, Шероз Ҳакимов, Отамурод Раҳимов, Достонжон Баҳриев, Шоҳжаҳон Нажмиевлар ва бошқарув командири Толибжон Исабоев  қатнашди.

2018 йил 10-13 май кунлари Тошкент шаҳрида ўсмирлар ўртасида спортнинг эркин кураш тури бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада Хитой, Ироқ, Эрон, Иордания, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Монголия, Покистон, Сингапур, Сурия, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Хитой Тайпейи, Яман ва Ўзбекистонлик спортчилар куч синашди. Ушбу мусобақада коллежимиз ўқувчиси Шоҳида  Аҳмедова 49 килограмм вазн тоифасида Осиёнинг кучли курашчилари билан куч синашди. У биринчи даврада ҳиндистонлик рақибига ҳеч кандай имконият қолдирмади. Иккинчи даврада мўғулистонлик рақиби устидан соф ғалабани қўлга киритиб финал йўлланмасини қўлга киритди.

Шоҳида финалда  мақсадига эришаолмаган бўлса-да, Аргентина давлатининг Буэнос-Айрес шаҳрида яқингинада ўтказилган ўсмирлар олимпиадасида қатнашиш  йўлланмасини  қўлга киритган эди. Шоҳиданинг ушбу олимпиада мусобақасида кумуш медалга сазовор бўлганини юқорида айтиб ўтдим.

  Тошкент денгизида байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури бўйича 1999-2000 йилларда туғилган ва ундан кичик  ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги махсус спорт мактаблари ва клубларидан жами 277 нафар ёш эшкак эшувчилар қатнашган эди. Коллежимизнинг 18 нафар спортчиси улар орасида 10 медални қўлга киритди. Уларнинг тенг ярмини олтин медаллар ташкил этди. Орифбой Пўлатов, Раҳматилло Амиров, Анваржон Холиқулов,  Ворис Самиев, Шерзод  Шодиев каби спортчилармиз ана шу мусобақанинг ғолибларига айланишди. Наманган шахрида слаломда эшкак эшиш спорт тури бўйича 1999-2000 йилларда туғилган ва ундан кичик  ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган республика биринчилигида Самарканд, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳридан келган 150 нафардан ортиқ спортчилар шоҳсупани юқори поғоналарини қўлга киритиш учун курашдилар.

2018 йилнинг 19-20 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида халкаро турнир бўлиб ўтди. Ушбу турнирда 30дан ортиқ мамлакатлардан етакчи курашчилар иштирок этишди. Бу нуфузли мусобақада коллежимиз кураш спорт бўлимининг 2-босқич талабаси Пардаева Машҳура 57 килограмм вазн тоифасида  қизлар ўртасида иштироқ этиб, фахрли 3-ўринни эгалади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини билан тақдирланди.  Кураш бўйича 1999-2001 йилларда туғилган ўсмир ва қизлар ўртасида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида вилоят терма жамоаси таркибида Тайлоқ олимпия заҳиралари коллежидан 15 спортчи катнашди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 420 дан ортиқ спортчилар иштирок этган мазкур мусобақада коллежимиз спортчилари Саидаббос Бобонов  ва Жонибек Қозоқов ўз вазн тоифалари бўйича биринчи ўринни эгаллашди. Хуллас, жорий йилда муваффақиятларимиз бисёр бўлди.

Актамжон  БЕРДОНОВ,

«Туркистон-пресс».