2018-12-17 14:07:23

“ПАҲЛАВОН ҚИСМАТИ БИЛ, ОСОН ЭМАС...”

Хоразм воҳасининг ҳар бир ҳудуди ўз даврининг машҳур полвонларига эга. Янгибозор туманида “Қаландар дўрман” деб аталган қишлоқ бор. Бу қишлоқнинг Собир полвон, Одамбой полвонларининг довруғи бутун юртга таралган. Катта-катта давралар, тўю сайиллардаги курашлар уларсиз ўтмаган. Улардан кейинги авлод вакиллари Раимбой полвон, Олланазар полвон, Отамурод полвон, Назарбой полвон, Маҳмуд полвонлар ҳам элдошларига муносиб издош бўла олишди.Мақоламиз қаҳрамони Бекберган Болтаев номи ана шу полвонлар қаторида тилга олинади.

Унинг полвон бўлишга иштиёқи жуда ёшлигидан уйғонган. Ўқувчилик йилларидан кураш ва дзюдо спорт тури билан шуғулланиб, туман, вилоят ва республика миқёсидаги бир қатор мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Серҳаракатлилик, тобланиб, чиниқиб, иродасининг мустаҳкамланиб бориши уни спортга янада ошно этди. Чунки, эр йигитга бу хислатлар жуда зарурлигини ҳаёти давомида англаб етган эди. Йигирма йил давомида кураш, юнон-рум кураши ва белбоғли курашни канда қилмаган Бекберган спорт соҳасидаги билим ва тажрибаларини ёшларга ўргатишни ўзи учун вазифа деб билди.

Хоразм вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тизимига қарашли Янгибозор туманидаги  болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 26 нафар мураббий 13 спорт туридан фаолият юритмоқда. Бекберган Болтаев шу ерда ёшларга белбоғли курашдан мураббий сифатида сабоқ бериб келади.

— Давлатимиз, шахсан Президентимиз томонидан миллий спорт турлари ривожига жиддий эътибор қаратилиб, зарур шароитлар яратиб берилаётгани боис юртимизда белбоғли кураш ҳам тобора оммавийлик касб этиб бормоқда,—дейди Бекберган Болтаев. — Бир пайтлари ушбу спорт тури асосан, водийда, Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги вилоятларда ривожланган эди. Эндиликда белбоғли кураш билан республикамиздаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз шуғулланмоқда. Миллий қадрият, маънавият ва маърифат асосига яратилган белбоғли кураш Хоразм воҳасининг янги спорт турлари сирасига киради. Бу миллий спортимиз вилоятимизга бундан ўн тўрт йил муқаддам кириб келган. Айни пайтда  Янгибозор, Гурлан, Шовот, Боғот туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида белбоғли кураш бўлимлари фаолият юритиб, уларда 300 нафарга яқин ўғил ва қизлар тажрибали мураббийлар қўл остида машғулот ўтказаяпти.

Бекберган Болтаев Ўзбекистон Белбоғли кураш федерациясининг Хоразм вилояти бош мураббийи ҳам ҳисобланади. Ундаги фидойилик, қалбидаги миллий ғурур ва ифтихорнинг устунлиги уни ана шу даражага етказди. Шунингдек, унинг  тажрибали ҳакамлик фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ.  Халқаро тоифадаги ушбу ҳакам 2014 йили Туркманистонда бўлиб ўтган катталар ва Россия Федерациясида ташкил этилган  ёшлар ўртасидаги жаҳон чемипионатларининг қатор беллашувларини маҳорат билан бошқариб, мутахассислар эътирофини қозонди.

Ўтган қисқа давр ичида хоразмлик белбоғли курашчилар орасидан Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқди. Жумладан, янгибозорлик Замира Аҳмедова ва Раҳматжон Шомуротов ўз вазни тоифасида бир неча бор дунёнинг энг кучли белбоғли курашчисига айланди. Қолаверса, Замира Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон талабаларининг ХХVII  универсиада ўйинларида бронза медалига сазовор бўлди. Икки карра жаҳон чемпиони Замира Аҳмедова Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси томонидан икки бор “Энг яхши аёл спортчи” номига лойиқ топилди.

Бекберган оғанинг яна кўплаб шогирдлари нуфузли мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналарига кўтарилишди. Уларга издош сифатида Уллижон Давлетова, Оғабек Жуманазаров, Мурод Раҳимов, Шоира Қаландаровалар ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати совриндорлари бўлишди. Ўтган вақт мобайнида 2 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 10 нафар спорт устаси, 100 нафардан зиёд спорт усталигига номзод ва ўнлаб оммавий тоифадаги спортчиларни тайёрлашга эришилди.   Хоразм вилоят белбоғли кураш федерацияси 2013 йилда республикамизда “Энг яхши федерация” деб эътироф этилди. Биргина 2016-2018 йилларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, вилоят белбоғли курашчилари республика ва халқаро мусобақаларда 13 та олтин, 18 та кумуш, 28 та бронза медални қўлга киритишди.  

— Фахрий курашчи сифатида спортнинг белбоғли кураш турини воҳада ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган Бекберган Болтаевнинг меҳнатларини жуда қадрлайман,—дейди Раҳимбой Шержонов.—Вилоят белбоғли курашчиларнинг ўтган йилларда Осиё ва жаҳон ареналарида қўлга киритган ютуқларида ушбу мураббийнинг салмоқли меҳнати бор, десак хато қилмаган бўламиз. У ўзининг шундай фаолияти билан ёшларни ватанпарварлик руҳида мард ва жасур қилиб тарбиялаш, спорт орқали уларнинг қалбида миллий ғурурни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

   Оталаридаги спортсеварлик фарзандларига ҳам ўтган. Ўн уч ёшга қадам қўйган тўнғич қизи Моҳинур Раҳмонова белбоғли курашга болалигидан қизиқди. 2017 йилнинг 10-12 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 2004-2005 йилларда туғилган ўсмир ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида Моҳинур кумуш медалига сазовор бўлди.

Ушбу спорт туридан эришилаётган ютуқларнинг асосий омиллари  қуйидагилар, дея фикрларини билдирди Бекберган:

— Биринчи навбатда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, у ердаги мутахассисларнинг яқиндан бераётган маслаҳат ва кўрсатмалари, қолаверса, ҳар бир курашчининг жисмоний имкониятлари пухта ўрганилиб, шуларга таянган ҳолда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилаётганлигида, деб биламан. Мусобақалар ташкил этишни канда қилмаймиз, чунки мана шу жараёнда полвон ўз имкониятларини чамалай олади. Муваффақиятларимизнинг яна бир жиҳати, бошқа вилоятларда уюштирилаётган беллашувларда мунтазам қатнашишга ҳаракат қиламиз. Буларда бизга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Янгибозор туман ҳокимлиги,  болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда ота-оналар моддий ва маънавий ёрдам беришади. Ушбу фурсатда уларга ўз миннатдорлигимизни изҳор этаман.

8 декабрь — Конституция куни байрами арафасида Бекберган Болтаевнинг хизматлари яна бир бор эътироф этилди, Республика “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ёнига Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони ҳам қўшилди.

Жаҳон ареналарида спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари, улар шаънига давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз ҳилпираганида дилида Ватанига  муҳаббати бўлган ҳар қандай кишининг кўзларидан қувонч ёшлари потирлаб оқиши табиий. Ўз даврида афсонавий курашчи сифатида полвонларнинг пирига айланган Паҳлавон Маҳмуднинг бугунги кунда ҳам муносиб ворислари борлиги бизни қувонтиради. Бекберган Болтаев ўз шогирдларига ҳар мусобақа олдидан Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубойисини эслатиб туриши ҳам бежиз эмас.

Паҳлавон қисмати бил, осон эмас,

Кураш майдони — кўр, кар майдон эмас.

Паҳлавон ул, тегса ўзгага нафи,

Тегмаса нафи, ул паҳлавон эмас.

Унда ҳар бир полвон елкасидаги масъулиятни юракдан ҳис қилган ҳолда гиламга чиқиши, тушгач эса мухлисларига қувонч улашиши, эл-юрти шаъни ва ори учун курашиши зикр этилган. Халқимизда ажойиб бир нақл бор: Оққан дарё оқмай қолмайди. Томирида улуғ аждодларнинг қони  жўш ураётган полвонларимиз бундан-да юксак марраларга эришиб, юртимиз байроғини дилда миллий ғурур билан баландларга кўтараверадилар.

Азамат САФАР,

журналист

(“Туркистон-пресс”).