2018-12-17 14:16:46

НАВОИЙЛИК 9 НАФАР ТАЛАБАЛАРНИНГ 50 ФОИЗ ТЎЛОВ ШАРТНОМАЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛДИ

Бугунги кунда ёшлар сиёсатининг шаклланишида ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг зарурати ўсиб бормоқда ва ижтимоий ҳимоя янги ёшлар сиёсатида етакчи ўринга чиқмоқда.

Бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларида тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ва таҳсил олаётган чин етим, ногиронлиги бўлган, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва меҳрибонлик уйида тарбияланган талабалар ўртасида

—“Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таълим гранти” лойиҳасини ташкил этилди. Ушбу лойиҳа доирасида Навоий вилоятида ҳам 9 нафар талабаларнинг тўлов-контракт шартномаларининг 50 фоизи тўлаб берилди. Бу ҳар бир талабага 4 миллиондан ортиқ сумма деганидир, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши мутахассиси Дилкушо Наврўзова.— Жумладан, Навоий давлат кончилик институтининг 5 нафар ҳамда педагогика институтининг 4 нафар талабаларига берилган бу имконият — ёшларнинг муносиб таълим-тарбия олишида кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш ҳамда иқтидори ва фаоллигини рағбатлантиришдан иборат.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”