2018-12-17 14:40:17

ТОШГА ЎЙИЛГАН ... ХАТО

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда мактаб дарсликларининг етишмаслиги, дарсликларда хатоликлар кўплиги таъкидланиб, бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилганди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим сифати — партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида жамоатчилик назорати тартибида мактаб дарсликларининг сифати, уларда йўл қўйилган хато-камчиликлар ўрганиб чиқилди. Партиямизнинг фан-таълим масалалари бўйича жамоатчилик экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилган ушбу ўрганишлар давомида бугунги кунда ўқувчилар фойдаланаётган мактаб дарсликлари турли хато-камчиликлардан холи эмаслиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, умумтаълим мактаблари учун чоп этилган дарсликлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади ва тавсия этилади.

Энди аниқ мисолларга ўтсак.

1-синф дарсликлари:

“Алифбе” китоби (Қайта ишланган 16-нашри. Тошкент “Маънавият” — 2018). 1-синф ўқувчилари фойдаланаётган мазкур дарсликда M (me), P (pe) ҳарфлари китобда шу мавзуларда берилган айрим расмларга мос келмайди. Дарсликнинг 18-бетидаги “О” ҳарфи мавзуси ёритилаётганда “R” ҳарфи қатнашган сўзлар қўлланилган, аммо бу мисоллар “R” ҳарфи мавзуси китобда берилишидан олдин келтирилган.

2-синф дарсликлари:

Инглиз тили дарслиги (Қайта ишланган учинчи нашри. “Ўзбекистон” нашриёти — 2018). Инглиз тилини ўқитишга доир дарсликда мавзулар кетма-кетлиги узилиб қолган ҳолатлар кузатилади. Дарсликнинг 8-бетидаги “I have…” ва 34-бетдаги “I have eight planes” мавзулари ўртасида “Thatis.., like, Weplay” мавзулари келтирилган.

3-синф дарсликлари:

“Математика” китоби (Учинчи нашр. “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти — 2016). Дарсликда ўрганилган бир қатор янги мавзулардан кейин мустаҳкамлашга доир материаллар берилмасдан яна янги мавзуларга ўтиб кетилганлиги ўқувчиларни чалғитиши мумкин. Юзаларни топиш бўйича мисол ва масалалар берилган, аммо уни топиш қонуниятлари китобда ёритилмаганини назардан четда қолдириб бўлмайди.

4-синф дарсликлари:

“Инглиз тили” дарслигида оралиқ назорат учун берилган тинглаб тушуниш машқларининг мультимедиа вариантлари йўқ. Шунингдек, айрим оралиқ назорат ишлари ўқув режага киритилмаганлиги ҳам ўқувчиларни чалғитади.

7-синф дарсликлари:

“Жаҳон тарихи” китоби (Қайта ишланган ва тўлдирилган 3-нашри. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти — 2017). Дарсликнинг 84-бетида “Дастлабки диний-рицарлик ордени – госпиталерлар ордени бўлган”, дейилган. Худди шу китобнинг рус тилидаги нашрида “Первый духовно рыцарский орден – орден Тамплиеров” деб ёзилган.

“Ўзбекистон тарихи” китоби (Қайта ишланган 3-нашр. “Шарқ” НМАК — 2017). Дарсликнинг 94-бетида “Абу Наср Форобий (873-950) Арис сувининг Сирдарёга қуйилишида жойлашган Фороб шаҳрида туғилган”, дейилган. Худди шу дарсликнинг русча нашрида эса “Абу Наср Фараби (1203-1270) родился в городе Фараб”, деб ёзилган.

8-синф дарсликлари:

“Ўзбекистон тарихи” дарслигининг (Қайта ишланган 3-нашри. “Ўқитувчи” НМИУ — 2014) 115-бетида “1710 йилда минг уруғи чодаклик дин пешволари ҳокимиятни ағдариб, Фарғона водийсида ҳокимиятни қўлга олдилар. Шу тариқа Марказий Осиёда кейинчалик Қўқон хонлиги деб аталган янги давлат вужудга келди” дейилган. 117-бетда эса, “1709 йилда минг уруғи Қўқон хонлигига асос солди”, деб ёзилган.

“Бухорода манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг ўрнатилиши” мавзусида “1753 йили Бухорода ҳокимият тепасига янги сулола – манғитлар сулоласи келди ва давлатни 1920 йилгача идора қилди” деб маълумот берилган. Лекин 9-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг “XIX аср ўрталарида ўзбек хонликларининг маъмурий бошқарув тизими” мавзусида Бухоро амирлигида манғит сулоласининг ҳукмронлик йиллари 1756-1920 йиллар, деб кўрсатилган.

9-синф дарсликлари:

Қорақалпоқ тилида нашр этилган “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг (“Шарқ” НМАК — 2014) 84-бетида ХIХ аср охирида қорақалпоқларнинг илк ёзма асарлари пайдо бўла бошлади”, деган маълумот берилган. 8-синф “Ўзбекистон тарихи”да эса: “ХVIII асрдан бошлаб қорақалпоқ ёзма адабиёти шаклланди ва ривожлана борди”, деб ёзилган (112-бет).

“Жаҳон тарихи” дарслигида (Қайта ишланган ва тузатилган 3-нашри. “Ўқитувчи” НМИУ — 2014) “XIX аср охири XX аср бошларида Италия” мавзусида “1912 йилдан бошлаб Ливия Италия мустамлакасига айланди”, дейилса, “XIX аср охири XX аср бошларида Шимолий Африка ”мавзусида эса “1911 йил 5 ноябрь куни Ливия Италия мулки деб эълон қилинди” (119-бет), дейилган.

Ажабо, олий таълим даргоҳларига ўқишга кириш учун имтиҳон топшираётган абитуриент мазкур мавзулардан берилган саволларга бу каби икки хил маълумотларнинг қайси бирини тўғри жавоб сифатида қабул қилинишини қаёқдан билади? Ваҳоланки, давлат тест синовларида 0,1 фоиз балл ҳам ҳал қилувчи ўрин тутиши барчага маълум.

“Кимё” дарслигининг (Учинчи нашр. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти — 2014) 28-бетида “Углерод даврий системанинг учинчи даври тўртинчи гуруҳ бош гуруҳчасида 6-тартиб рақамида жойлашган”, деб маълумот берилган. Аслида эса углерод даврий системанинг иккинчи давр тўртинчи бош гуруҳчасида жойлашган.

10-синф дарсликлари:

“Инглиз тили” (1-нашри. Тошкент, “Ўзбекистон” — 2017) дарслигининг 35-бетида “smart” сўзига нотўғри “definition” берилган. 171-бетда берилган тинглаб тушунишга доир машқда матннинг охирги жумлалари тушиб қолган.

“Биология” дарслигида (1-нашр. “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти — 2017) барча тирик организмлар ҳужайралари таркибидаги макроэлементлар миқдори 8-бетда 90 фоиздан ортиғини, 16-бетда эса 98 фоизни ташкил этади, деган мазмунда маълумот берилган. Жумладан, “Макроэлементларни 2 гуруҳга бирлаштирилади. Биринчи гуруҳга элементларнинг 98% ини ташкил этувчи C, O, H, N киради. Бу элементлар тирик организмлар таркибига кирувчи органик бирикмалар, масалан оқсиллар, нуклеин кислоталар, липидлар, углеводларни ҳосил қилади. Иккинчи гуруҳга S, P, Ca, Na, K, Cl, Mg, Fe киради. Бу элементлар 1,9% ни ташкил этади. Миқдори 0,001% дан кам элементлар микроэлементлар” дейилади.

Шунингдек, ушбу дарсликнинг ўзбек тилидаги нашрининг 20-бетида “Ўсимликлар қуруқ моддаси массасининг 80%га яқини, ҳайвонлар қуруқ моддаси массасининг 2%га яқинини углеводлар ташкил этади” деб ёзилган. Худди шу дарсликнинг рус тилидаги нашрида бу маълумот: “Содержание углеводов в животных клетках составляет 1–5%, а в некоторых растительных клетках может достигать до 90%”, деб берилган.

Таълим сифатига салбий таъсир кўрсатадиган бу каби мисолларни, афсуски, яна давом эттириш мумкин. Мазкур ҳолатлар эса ушбу масалага жиддий ёндашиб, аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо қилади. Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, юқоридаги каби хато-камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган барча дарсликларни ҳукумат доирасида экспертизадан ўтказиш таклифини билдирамиз.

Ёшликда ўрганган билим — тошга ўйилган нақш, деб бежиз айтишмайди. Демак, ўқувчилар билим деб ўрганган маълумотлар юқоридаги каби хатоликлар билан ёшларнинг ёдида муҳрланиб қолади. Чунки хато билимлар бирор фойда келтирмаслиги билан бирга ўқувчига панд бериб қўйиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Токи, нақлдаги “ёшликда ўрганган билим” жумласи “ёшликда ўрганган хато”га айланиб қолмасин.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

фан-таълим масалалари бўйича Жамоатчилик

экспертлар гуруҳи