2018-12-17 14:43:09

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИНИНГ КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ ТУГАТИЛАДИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилиши ва унинг бўшаётган штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларига мувофиқ халқаро талабларга мос олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассисларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш борасида олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. 2019 йил 1 январдан:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда - Марказ) тугатилсин ва унинг бўшаётган штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тугатилаётган Марказнинг барча ҳуқуқлари, активлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Марказ ходимларини иш билан таъминлаш юклатилсин.

3. Марказининг Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти, Метрологик назорат хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳамда тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг идоравий бўйсунувига ўтказилсин.