2018-12-19 15:56:18

ЭНДИ БАРЧАМИЗ ГИМНАСТИКА БИЛАН ШУҒУЛЛАНАМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  қабул қилинди.

Президент қарорига кўра, шундай тартиб ўрнатилиши белгиланмоқдаки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда) иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”;

мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши амалиётга жорий этилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ишлаб чиқариш гимнастикасининг намунавий машқлар комплексини;

транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлиги ва масофани инобатга олган ҳолда корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимларига шуғулланиш учун тавсия этиладиган спорт иншоотлари рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 апрелига қадар туман (шаҳарлар) бўйича зоналарга бўлиб ҳамда иш фаолиятининг тавсифлари, машғулотларнинг нархи, иш вақти ва бошқа маълумотларни келтириб ўтган ҳолда, спорт иншоотларининг ягона базасини яратсин ҳамда Интернет тармоғига жойлаштирилишини таъминлайди.

“Туркистон-пресс”