2013-10-21 19:05:00

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ҚИШЛОҚЛАР ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ҲАР ҚАЧОНГИДАН ФАОЛ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Банклар ва ҳудудлар ҳамкорлиги: қишлоқлар инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида белгиланган устувор вазифалар” мавзуида анжуман ўтказилди.

Анжуманда банклар томонидан замонавий инфратузилмани шакллантириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга кредит етказиб беришни кенгайтириш, хўжалик субъектларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва модернизациялаш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ўтган тўққиз ой мобайнида қўлга киритилган ютуқлар ва истиқболли режалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Айтиш мумкинки, бугунги кунда банк хизматлари ва уларнинг самараси мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида кўзга ташланмоқда. Банклар томонидан нафақат қишлоқ хўжалиги, балки савдо ва хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, умуман тадбиркорликнинг турли йўналишлари кредит билан таъминланиб келмоқда.

Марказий банк вакилларининг маълум қилишларича, шу йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ошиб, 5,6 триллион сўмни ташкил этди. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун эса 603,7 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, банкларнинг 499,5 миллард сўм миқдоридаги кредит маблағлари аёлларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш мақсадларига йўналтирилди.

Банк кредитлари кўмагида қишлоқ хўжалигида иқтисодий барқарорликнинг муҳим омили бўлган асаларичилик, балиқчилик, пиллачилик ва узумчилик каби соҳалари жадал ривожлантирилмоқда. Бу йўналишдаги банк кредитларининг 170,2 миллиард сўм маблағлари — чорвачилик, 58,5 миллиард сўми — паррандачилик, 56,8 миллиард сўми полиз экинлари ва узум етиштириш соҳаси, 22 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эса балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришга йўналтирилди.

Шу билан бирга банк ҳиссаси оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандликни ривожлантириш борасида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, банклар томонидан ўтган даврда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга қўшилган маблағ 99,6 миллиард сўмдан ошиб кетди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қорамол сотиб олиш бўйича тузилган лойиҳаларга 86,5 миллиард сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, жойлардаги янги ва интенсив боғлар, токзорлар яратиш  ва мавжуд боғларни қайта тиклаш учун 56,8 миллиард маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ўзлаштирилиши натижасида 15 минг нафардан зиёд қишлоқ аҳолиси иш билан таъминлангани бу йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар самарсидир.

Таъкидлаш лозимки, қишлоқ аҳолисининг узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган маҳаллий уй-рўзғор буюмларини сотиб олиш учун тижорат банкларидан ажратилган кредит пул миқдори режадагидан икки баробар кўп бўлиб, 58,4 миллиард сўмни ташкил этди.

Мамлакатимизда қурилаётган якка тартибдаги уй-жойлар нафақат аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга, балки ҳудудларимиз инфраструктурасини янгилашга хизмат қилмоқда. Бу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида кўплаб фуқаролар иш билан таъминланмоқда ва ёш оилалар ўз кўчмас мулкига эга бўлаётир. Мазкур лойиҳалар асосида 2009-2012 йилларда мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ ва туманларида 650 та янги уй-жой массивлари барпо этилди. Ушбу мақсадлар учун 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция ажратилди. Жорий йилда режалаштирилган 10 мингта уй-жой қурилиши учун эса жами 1 триллион 385 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, банклар “Ёш оилаларга — уй-жойлар” дастурини ҳаётга жорий қилиш ишларига 95,3 миллиард сўм пул ажратди. Бундай ипотека кредитлари эвазига вилоятларда 105 та кўп қаватли уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилади.

Анжуманда Марказий банк тизимидаги тижорат банклари вакиллари жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида амалга оширилган ишлар бўйича муҳим маълумотларни тақдим этишди, шунингдек, ОАВ ходимларининг турли кредитларни олиш тартиблари, муддатлари, намунавий уй-жойлар қурилиши, мустаҳкам уйлар барпо этишда сифат ва самарадорликка эришиш масалалари бўйича берган  саволларига жавоб қайтаришди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс