2018-12-24 17:35:32

КАРМАНАДА ҚИШЛОҚЛАР ОБОД БЎЛМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди.

Бу тарихий фармон ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бугун чекка ҳудудлардаги қишлоқларимизга замонавий қиёфа бахш этмоқда. Дастур доирасида кўркам бинолар қад ростлаб, обод манзиллар барпо этилаётир.

Навоий вилояти Кармана туманида  “Обод қишлоқ” дастури бўйича туманнинг “Ҳазора” ҳудудидаги “Тошработ” ва “Ҳазора” қишлоқлари танлаб олинган бўлиб, 10 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бу ҳудудлардаги 2 минг 97 та хонадонларда  таъмирлаш ишлари олиб борилди.Ҳудудда  18 та ижтимоий соҳа объектлари — 6 та мактаб, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та ҳаммом, 2 та сунъий қопламали футбол майдончаси, 2 та болалар ўйингоҳи, оталар чойхонаси ва қишлоқ оилавий поликлиникаси бунёд этилди. 

 — Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида эски таянч устунлари янгиларига алмаштирилди, мавжуд 9 та трансфарматор пунктларининг 3 таси янгисига алмаштирилиб, қолган 6 таси тўлиқ  таъмирланди,— дейди  Кармана туман электр тармоқлари корхонаси мутахассиси Дилшод Шодиев.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”