2018-12-24 17:40:55

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ БУНЁДКОРЛИК БИЛАН — ЮКСАК МАРРАЛАР САРИ ҚАДАМ ТАШЛАМОҚДА

2018 — йил  юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий соҳаларда кенг кўламли, узоқни ўйлаб, мисли кўрилмаган ислоҳатлар амалга оширилди. Ҳа, шу кунларда халқимиз 2018 йилни якунлаб, 2019 йилга қадам қўйиш арафасида.

 Ўтган йил юртимизда бўлгани  каби, Навоий вилояти тарихида ҳам янги саҳифаларни очди, улкан ўзгаришлар, ривожланиш ва ютуқларни олиб келди. Навоий вилояти мамлакатимиздаги энг ёш ва навқирон вилоят бўлса-да, унинг инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшган қадимий ва бой тарихи бор. Мутахассислар мазкур вилоятнинг республикамиз саноат соҳасида пешқадамлик қилишида Менделеев даврий жадвалида қайд этилган барча нодир ва ноёб металлар шу замин тупроғида учраши билан изоҳлашади.

Хусусан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган рангли ва қимматбаҳо металларнинг 73 фоизи мазкур воҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Айниқса,ўтган йилда  вилоятда, иқтисодиётнинг реал тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди.

Навоий вилоятида 2017 йилда   жами саноат корхоналари сони  1 минг 516 тани ташкил этган бўлса, жорий  йилда  вилоятда янги 292 та   саноат корхоналари ташкил этилиб, эндиликда уларнинг  сони  1 минг 760 тага етди.

  Дарҳақиқат, мамлакатимизда тайёрланаётган рангли ва қимматбаҳо металларнинг 73 фоизи, уран ва фосфоритнинг 100 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, «Қизилқумцемент», «Навоий иссиқлик энергияси станцияси» ва «Навоийазот» ОАЖ, «Электрокимё заводи» ЁАЖ сингари йирик корхоналар нафақат мамлакатимизда, қолаверса, чет эл мамлакатларида ҳам машҳур. Бугунги кунда вилоятда ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурлари асосида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2018 йил 2 март куни вилоятга Призидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан кейин янгидан ташкил этилган тўртта кичик саноат зоналарида бугунги кунга қадар умумий қиймати 38,0 млрд. сўмлик, 7 та инвестицион лойиҳалар танлаб олинган бўлиб, уларни ишга тушиши, натижасида жами 159 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Дарҳақиқат,сўнгги йилларда вилоят маркази  ва туманлар ўзгача қиёфа касб этиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар, замонавий массивлар  ҳисобига, кун сайин кўркамлашиб бормоқда. Бу уйларни қуришда замон талабларига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу уйларга кўчиб кираётган юртдошларимиз тинчлик-осойишталикни,  байрам шукуҳини юракдан ҳис этмоқда.

 Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш дастурига асосан якунланаётган йилда Навоий шаҳрида   10 та кўп қаватли,420 та хонадонли  уйлар қурилгани аҳолининг уй-жой билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилаяпти. Шунингдек, вилоятда туман ва чекка қишлоқ жойларда ҳам муносиб турмуш шароитини яратиш, қишлоқ инфратузилма тармоқларини барпо этиш, аҳоли  ҳаётини янада фаровон қилиш мақсадида жорий йилда, 946 та намунали арзон уй жойлар, 60 та ёш оилаларга мўлжалланган уйлар, қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Бугунги ислоҳотлар изчиллиги, аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлигига хизмат қилаётганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқларимизнинг кундан-кунга чирой очиб, кўркам манзилга айланиб бораётгани кўзни қувонтиради. Айниқса, “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳар бир туманнинг чекка ҳудудларида ҳам улкан бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган муҳим ҳужжат сифатида қабул қилинди. Дастур доирасида вилоятида  ҳозирга қадар  кўпгина  обод қишлоқлар  бунёд этилиб,улар янгича қиёфа касб этмоқда.

Бу борада вилоятнинг  8 та ҳудудидаги 16 та қишлоқларда белгиланган тадбирлар асосида ишлар олиб борилиб, умумий  6 минг 301 та хонадонда таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Қизилтепа туманидаги  “Маликобод” қишлоғи  хам , “Обод қишлоқ” дастурига кўра обод манзиллардан бирига айланди. Бу масканда қисқа муддатда амалга оширилган қурилиш ишлари  ҳозирда  халқимизнинг бунёдкорлик тимсолига айланиб улгурди.  Эътирофлиси,  3 минг 124 нафар қишлоқ  аҳолисининг энг олий орзуси амалга ошиб, маҳаллага тоза ичимлик суви тармоғи тортилди.

  Бугунги кунда Навоий вилояти ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган аҳолининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил қилади. Шу мақсадда бугун  ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор,  уларни муносиб қўллаб-қувватлаш, малакали мутахассис кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашувларга асосланиш ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

 Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони вилоятда ҳам навқирон авлоднинг ёрқин истиқболи йўлида яна бир улкан қадам бўлди.Навоий вилоятининг чўл тумани ҳисобланган Конимех туманида, Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғидаги топшириғига асосан туман ёшлари учун  сузиш ҳавзаси қурилмоқда. 

Дарҳақиқат, мамлакатимизда  инсон манфати  олий қадрият сифатида қаратилаётгани бу каби эътиборлар  инсон қадри барча нарсадан устунлигини кўрсатади. Бундай юртнинг эса эртаси ёруғ, келажаги порлоқ бўлади. Бугунги кунда  80 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб меҳнат қилиб келаётган навоийлиликлар 2019 йилда  ҳам  мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтиришда ўз муносиб ҳиссасини қўшиб,  янги йилга яратувчанлик туйғуси  билан,  тараққиёт ва ривожланиш  сари қадам ташлаб, кўтаринки кайфиятда кириб боради.

Шуҳрат Нормуродов,

“Туркистон-пресс”