2018-12-24 18:16:20

БЕЛБОҒЛИ КУРАШЧИЛАРИМИЗНИНГ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДАГИ ЯНА БИР МУВАФФАҚИЯТИ

Жорий йилнинг 6-9 декабрь кунлари Россия давлатининг Қозон шаҳрида 2001-2002 йиллларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатида   иштирок этган белбоғли курашчиларимиз 7 та олтин, 6 та кумуш  ва 7 та бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи эгаллашган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай полвонларимиз яна муваффақиятларга эришиб, халқаро спорт аренасида юртимиз байроғини яна бир бор баланд ҳилпирашини, мадҳиямиз садолари баралла янграшини  таъминладилар.  

Кеча Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида белбоғли кураш бўйича 1998-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди.  Йигирма тўртта давлатдан икки юз эллик нафардан ортиқ полвонлар иштирок этган мазкур жаҳон чемпионатида  ўсмирлар саккиз вазн тоифасида, қизлар эса олтита вазн тоифасида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Қувонарлиси, ушбу жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан иштирок этган терма жамоамиз иккита олтин, учта кумуш ва яна бронза  медаллар шодасига эга чиқишиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.

Натижаларга кўра, Сардорбек Мадаминов (68 кг. Андижон) ҳамда Нодирбек Аҳатжонов (82кг. Андижон) лар ўз вазн  тоифаларида барча рақибларидан устун келиб, жаҳон чемпионларига айланишган бўлишса, Сарваржон Тўхтасинов (62 кг. Наманган), Ривожиддин Шарофиддинов (75 кг. Наманган), Дурдонахон Абдукаримова (+76 кг. Андижон)лар иккинчи ўринларни банд этишди. Зукуржан Кошетеров (57 кг. Қорақалпоғистон), Муҳаммадмаҳмуд Ашуров (90 кг. Андижон), Ойбек Каримов (90 кг. Фарғона), Ўринбой Абдисаматов (100 кг. Фарғона), Камолахон Ҳабибуллаева (48 кг. Андижон), Қуралай Асетуллаева (48 кг. Қорақалпоғистон), Шахзода Эргашева (52 кг. Андижон), Манзураой Муйидинова (48 кг. Фарғона), Дилафрўз Мамажонова (66 кг. Наманган), Арзигул Акимбаева (76 кг. Қорақалпоғистон) лар учинчи ўринларни эгаллашди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”