2018-12-24 19:11:38

40 МИЛЛИОН СЎМЛИК СКРИПКАНИ ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТАЁТГАН ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОСИ УШЛАНДИ

Дунё тамаддунига ҳисса қўшган қанча халқ ва миллат бўлса, уларнинг ҳар бири ўзига хос ва ўзига мос миллий қадриятлари, сўзлашув ва кийиниш маданияти, урф-одатлари, маданий бойликларини асрлар давомида авлоддан-авлодга бебаҳо мерос сифатида етказиб келмоқдалар. Зеро, аждодлардан қолган мерос келажак авлод учун тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлган бойлик сифатида эъзозланади.

Афсуски, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага мунтазам тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан ноқонуний равишда четга олиб чиқишга бўлган уринишлар ҳамон учраб турибди, деб хабар берди ДБҚ матбуот хизмати.

“Халқ сўзи” онлайн сайтининг хабарига кўра, ўзининг “Toyota Land Gruiser” русумли автомобилида “Даут-ата” божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган чет эл фуқароси М.О. божхона ходимларининг республика ҳудудидан олиб чиқиш таъқиқланган буюмлар бор ёки йўқлиги тўғрисидаги саволларига ёлғон жавоб берди.

Ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида ҳам кўрсатмасдан туриб, 2 дона скрипкаларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб чиқиб кетмоқчи бўлганида тўхтатиб қолинди.

Ваҳоланки, Қорақалпоғистон Республикаси бадиий экспертиза бўлимининг хулосасига кўра, мазкур чолғу асбоблари ўтган асрнинг бошларига мансуб бўлиб, тарихий ва маданий аҳамият касб этар экан. Экспертларнинг баҳолашича, скрипкаларнинг умумий қиймати 40  миллион  сўмни ташкил қилади

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.