2018-12-25 15:13:29

ПОЙТАХТДА ЯНГИ ЙИЛ КУНЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАР ҚОРБОБО КИЙИМИДА ИШГА ЧИҚАДИ

2018 йил 31 декабрда Тошкент шаҳридаги барча автобус йўналишлари иш режимига ўзгартириш киритилиб, иш тугаш вақти 1 соатга узайтирилади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” компанияси маълум қилди.

Шунингдек, барча автобус йўналишларидаги автобуслар Янги йил байрамига мос равишда безатилмоқда, ҳайдовчиларни байрам кунлари Қорбобо кийимида ишга чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, Янги йил байрами тадбирлари ўтказилиши муносабати билан Тошкент шаҳри айрим кўчаларида автотранспорт воситалари ҳаракатининг вақтинча чекланганлигини инобатга олиб:

- Истиқлол ва Зарафшон кўчаларининг ёпилиши муносабати билан, 90А, 91А, 115А-сонли йўналишлардаги автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали, “Навоий – Амир Темур” кўчалари чорраҳасигача, Амир Темур кўчаси (Олой бозори томонга) орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

— Истиқлол кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 53А-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Амир Темур” кўчалари чорраҳасигача, чорраҳадан бурилиб олиб, Навоий кўчаси орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; шунингдек, 33А, 55А, 96А-сонли йўналишларда автобуслар ҳаракати Амир Темур кўчаси орқали “Навоий – Амир Темур” кўчалари чорраҳасигача, Шаҳрисабз кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 

— Себзор кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 9А, 17А, 52А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 150-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали “Абай – А.Қодирий” кўчалари чорраҳасигача, Абдулла Қодирий, Себзор кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

— Сўгалли ота кўчасининг (Алгоритм корхонаси олдида) ёпилиши муносабати билан, 13А, 69А, 107-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 4А, 48А, 87А, 94А, 146А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Сўгалли ота, Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради.

Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирларнинг барчаси Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан, Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига мазмунли ҳордиқчиқариш, маданий дам олиш шарт-шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Туркистон-пресс”