2018-12-26 17:51:08

МАМЛАКАТИМИЗДА ЗАМОНАВИЙ БЕШКУРАШНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ САЪЙ ҲАРАКАТЛАР БОШЛАНДИ

Ўзбекистон МОҚ матбуот хизматининг хабарига кўра, декабрь ойи бошида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясига янги раҳбарият сайланган ва ташкилот олдига тегишли вазифалар белгилаб берилганди. Бу борада федерацияда иш қизғин кечмоқда.

Бугун, 26 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасида замонавий бешкураш спортини ривожлантириш, оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон енгил атлетика, қиличбозлик, йилқичилик ва от спорти, сузиш ҳамда ўқ отиш спорти федерациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва шерикчилик бўйича меморандум имзолаш маросими ташкил этилди. Тадбирда юқорида санаб ўтилган федерациялар вакиллари, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этишди.

Сир эмаски, замонавий бешкураш осон бўлмаган спорт турларидан бири ҳисобланади. Чунки, ушбу спортда атлетлар бешта йўналиш —югуриш, қиличбозлик, от спорти, сузиш ҳамда ўқ отиш бўйича кураш олиб борадилар. Спортчи мазкур йўналишларнинг ҳар бирига алоҳида тайёргарлик кўриши лозим. Бунинг замирида эса тинимсиз меҳнат, катта машаққат ётади. Шу сабабдан ҳам, бешкурашни ривожлантириш фақатгина бир федерацияга боғлиқ эмас. Бугунги тадбир давомида ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, бешкураш талабларига жавоб бера оладиган атлетларни саралаб олиш, тажрибали мураббийлардан иборат кенгаш тузиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Ўз навбатида федерациялар вакиллари ҳамкорлик қилишга, ўзлари томонидан амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми —меморандум имзолаш маросими ташкил қилинди.

“Туркистон-пресс”