2018-12-26 18:03:36

БЎЛАЖАК АЭС ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЙЎЛИДА НАВБАТДАГИ ҚАДАМЛАР ҚЎЙИЛДИ

Тошкентда «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси  ишчи гуруҳларининг дастлабки кенгаши бўлиб ўтди.  Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати  хабар қилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия делегациясига «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг операцион бошқарув бўйича биринчи ўринбосари - «ИК» АЭС АЖ президенти Александр Локшин бошчилик қилди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон томонидан Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш учун майдон танлаш мақсадида муҳандислик тадқиқотларига оид ишлар ҳолати тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, «Ўзатом» агентлиги томонидан Муҳандислик тадқиқотлари дастури тасдиқланди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томонига ушбу лойиҳага асосан дастлабки шартномаларнинг лойиҳалари  берилди. «Росатом» давлат корпорацияси ҳам Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича контрактацияга ёндашувлар тўғрисидаги материалларни ва музокараларнинг мақсадли режасини тақдим қилди. Томонлар шартномаларга оид музокараларни 2019 йилда бошлашни мўлжалламоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 7 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонда Россия технологиялари асосида атом электр станциясини қуриш бўйича икки мамлакат ҳамкорлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади. Лойиҳага кўра,  ССЭР-1200 реакторли иккита энергоблок қурилиши режалаштирилган.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”