2018-12-26 18:06:40

МАҚСАД — АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШ

Пастдарғом юқори суръатларда ривожланаётган, ҳар соҳада юксалиб бораётган Самарқанд вилоятининг пешқадам туманларидан бири ҳисобланади. Туманда 350 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Аҳолисининг асосий машғулоти – деҳқончилик, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва яна бир қатор соҳалардир.

Одамлари ғурурли, меҳмоннавоз, ишнинг кўзи  билишади. Улар ўз  ҳудуд ва манзилларига нисбатан доимо ҳурмат билан қарашади. Мустақиллик даврига келиб, саноат ва қурилиш бу юртда  сезиларли даражада ривожланди. Самарқанд вилоятида етиштириладиган пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг салмоқли қисми мазкур туман улушига тўғри келади.

Туман маркази — Жума шаҳарчаси ва Гўзалкент қўрғонидаги барпо этилаётган бири биридан шинам, бири биридан гўзал биноларга қараб ҳар қандай одамнинг ҳаваси келади. Ҳар икки шаҳарчада Ёшлар боғи ва бошқа дам олиш масканларининг  ишлаб турганлиги аҳамиятлидир.

Туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида ҳам бир қатор  ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Акбар Ўтаев шундай фикр юритади:

— Ҳозирги кунда  520  ўринли  марказий шифохона, 450 нафар бемор қабул қилиш қувватига эга  кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 13 та қишлоқ врачлик пунктлари ишлаб турибди.

Биламизки, кадрлар  салоҳиятини ошириш аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашда энг муҳим омилдир. Шу сабаб ҳам кадрларга бўлган эҳтиёж доимий ортиб боради.  Туманимизда ҳам шундай. Айрим қишлоқ тиббиёт муассасаларида баъзи тор мутахасассисликларга эҳтиёж катта. Бу масалани ҳал этиш учун биринчи галда маҳаллий кадрларни ишга жалб этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан, туманимиз  вилоят марказига жуда яқин жойлашган. Бу эса кўпгина кадрларнинг шаҳардаги касалхоналарга ишга жойлашиш истагини кучайтиради. Туман тиббиёт бирлашмасида эса ишга жалб этилаётган ёш кадрларнинг муаммоларини ўрганишга ва уларни ҳал этишга эътибор катта. Яна бир томони ўзимизда тиббиёт коллежи фаолият кўрсатмоқда. Бу эса ўрта тиббиёт ходимларига бўлган муаммоларни тўлиқ ҳал этишга хизмат қилади.

Марказий шифохонада режали хирургия, юқумли касалликлар, болалар, терапия ва шошилинчи тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.  Шунингдек,  пуллик хизмат бўлими,  туғруқ мажмуаси ишлаб турибди.Травматология, эндокринология, неврология, кардиология бўлимлари ихтисослаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий техника базасини мустахкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2017 йил 1 апрелдан тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига техник ва сервис хизмат кўрсатиш Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли автохўжалик тасарруфига ўтказилди. Дори воситалари ва тиббий буюмлари  Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали томонидан таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижроси юзасидан 6 та қишлоқ оилавий поликлиникасида 6 та ва мақбуллаштирилган қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 6 та тез тиббий ёрдам шохобчаси, 14 та ижтимоий дорихона ташкил этилди.

Тез тиббий ёрдам бўлими 16-20 км.ли радиусда хизмат кўрсатади.Туман аҳолисига 27 та бригада ва машина тўғри келади.

Вазирлар Маҳкамасини 2017 йил 19 июлдаги “Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимида ягона диспетчерлик хизматининг йўлга қўйилгани ва бу орқали тез тиббий ёрдам бўлимига тушаётган чақириқлар марказда жамланиши хизмат сифати ва савиясининг яхшиланишига ёрдам бермоқда.

 2018 йилдаги янгиликларимиздан бири  қабул бўлимига мастлик ҳолатини  аниқлаш учун ”Алкотестр”аппарати ўрнатилди. Қабул бўлими навбатчи врачлари мастлик  ҳолатини аниқлаш учун қайта тайёргарликдан ўтишди.

Туман тиббиёт бирлашмаси таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мавжуд 43 та қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. 13 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти сақланиб қолинди. Фаолияти тугатилган қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 14 та тез тиббий ёрдам шохобчаси, 8 та шифокор учун уй жой ташкил этилди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидантиббиёт бирлашмасига 1,02 млрд. сўмлик аппаратуралар олинганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. 2018 йил май ойида 255 млн. сўмга допплерэхокардиография ва холтер мониторинг ЭКГ, 136 млн.сўмга УТТ-допплер аппарати, 440 млн. сўмга 52 турдаги жарроҳлик  амалиётларини амалга оширишга мўлжалланган Лапароскоп аппарати  олиб келинди. Туман тиббиёт бирлашмасида инвестиция дастури асосида 2018 йилда 120 ўринли терапия мажмуаси учун 4 млрд.сўм ажратилган бўлиб, ишга туширилди.

—Яна бир масалага тўхталмоқчиман, — деди Акбар Ўтаев. — Яқинда Республика спорт тиббиёти маркази ташаббуси билан Тошкентда бўлиб ўтган “Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда  Россия, Япония, Туркия, Беларус, Қозоғистон каби давлатлардан келган таниқли спорт шифокорлари, спорт тиббиёти бўйича мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари иштирок этишди. Конференция иштирокчиларидан бир гуруҳи — россиялик мутахассислар Самарқандга ҳам ташриф буюришди. Улар иштирокида Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 Анжуман давомида спорт тиббиёти ва тиббий реабилитация соҳасидаги энг муҳим масалалар ҳақида  фикр юритилди. Бундан англадимки, бу борада ҳам бажаришимиз лозим бўлган бир қатор вазифалар бор. Аслида инсон саломатлиги унинг спорт билан қай даражада яқинлигига кўп томонлама  боғлиқ. Демак, доимий равишда  спортнинг оммавийлигини таъминлаш йўлида курашишимиз керак. Ҳозир эса айнан шу соҳада амалий ишларга ўтилди.

.Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”